2019 йилнинг 13 ноябрь куни Термиз шаҳрида “ЎзРТХБ” АЖ Сурхондарё филиали Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги вилоят бошқармасининг ҳамкорлигида “Шаффофлик биржа савдолари ва электрон тижоратнинг ривожланишинг бош мезони” мавзусида матбуот анжуманини ўтказди. Тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад кенг жамоатчиликни биржа томонидан ўтказилаётган электрон ва онлайн савдоларнинг моҳиятини тушунтириш ва жорий йилнинг ўтган даврида амалга оширилган ишлар натижалари билан таништиришдан иборат бўлди.
Анжуманда, шунингдек, вилоят Монополияга қарши курашиш бошқармаси, Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси, вилоят Молия бошқармаси масъул ходимлари, биржа савдолари, кўргазма-ярмарка савдо ва онлайн аукцион иштирокчилари, тадбиркорлар, брокер ва трейдерлар, ҳамда маҳаллий ОАВ вакиллари иштирок этдилар.
Тадбирда таъкидланганидек, биржа савдолари ва онлайн-аукционларни ташкиллаштиришда “ЎзРТХБ” АЖнинг энг муҳим вазифаларидан бири – шаффофликни таъминлаш ҳисобланади. Бу ўз навбатида нафақат савдо иштирокчиларининг биржа тизимига бўлган ишончни оширади, балки бир вақтнинг ўзида улар ўртасидаги соғлом рақобатни ҳам кучайтиради. Бозор механизмлари кенг жорий этилаётгани хорижлик ишлаб чиқарувчилар билан рақобатлаша оладиган, сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенг йўлга қўйишга хизмат қилади. Очиқ биржа савдолари орқали сотиладиган товарларнинг нархлари эса рақобат, талаб ва таклиф бозор қоидаларига мувофиқ шакллантирилади.
Шу муносабат билан Ўзбекистонда бозор механизмларидан бири ҳисобланмиш биржа савдоларини янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан 2019 йил 8 октябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Товар-хомашё биржалари фаолияти самарадорлигини ошириш ва биржа савдоси механизмларини янада такомиллаштириш чоралари тўғрисида”ги ПҚ-4484 сонли қарори қабул қилинди.
Хусусан қарор билан фақат биржа савдолари орқали сотилаётган юқори ликвидли ва монопол турдаги товарларнинг рўйҳати кенгайтирди. Янги рўйхатга техник мой, иситиш ёқилғиси, буғдой уни, омухта ем, суюлтирилган газ, хўжалик совуни, мис купороси ва бир қатор нефть маҳсулотлари киритилди. Мазкур товар бозорларида бозор механизмларни жорий этилиши уларни сотиб олишда тенг шароитларни яратиш орқали ҳақиқий бозор нархларини белгилаш имконини беради.
Шунингдек 2020 йилнинг 1 январидан монополист корхоналар ва давлат улуши мавжуд ташкилотлар томонидан ишлаб чиқариладиган юқори ликвидли ва монопол турдаги маҳсулотларнинг бир қисми фақат биржа савдолари орқали экспорт қилиниши белгиланди. Бу ўз навбатида маҳаллий ишлаб чиқарилган маҳсулотларимизни экспорт қилишда аукцион эвазига қўшимча даромад олиш ва валюта тушумини кўпайтиришга кўмаклашади.
Анжуман давомида товар хом ашё биржаси томонидан тадбиркорлик субъектлари учун яратилаётган шарт-шароитлар ва қулайликлар хусусида сўз юритилди. Хусусан 2019 йилнинг 9 ойлик якунларига кўра, республика бўйлаб кичик ва хусусий тадбиркорлар иштирокида биржада тузилган битимларнинг умумий ҳажми 2018 йилнинг мос даври билан солиштирганда 36% га ўсиб, 15 504,7 млрд сўмни ташкил этди.
Сурхондарё вилоятида тадбиркорлик субъектлари учун самарали биржа хизматларини кўрсатиш мақсадида 20 та савдо майдончалари ва 57 та брокерлик идоралари фаолият кўрсатмоқда. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 10 минга яқаин тадбиркорлик субъектлари биржа савдоларида иштирок этиб, биржа хизматларидан фойдаланган.
Товар-хом ашё биржасининг Сурхондарё филиали томонидан 2019 йилнинг 9 ойи давомида жами 409,6 млрд сўмлик битимлар амалга оширилган бўлиб, шундан 329,9 млрд сўмлик битимлар биржа савдоларига, 3,4 млрд сўм – кўргазма ярмарка савдолари, 76,3 млрд сўм – электрон давлат ҳаридларига тўғри келади. Бундан ташқари, вилоятда онлайн-аукцион савдолари орқали 4,1 млрд сўмлик 1494 та чиройли авторақамлар сотилиши таъминланди.
Тадбир якунида биржа фаолиятини янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари бўйича муҳокамалар бўлиб ўтди, биржа мутахассислари ва бошқа идораларнинг ваколатли вакиллари журналистлар ва тадбиркорларнинг қизиқтирган саволларига жавоб беришди.
Источник : Пресс служба АО "УзРТСБ"
Курилди: 9878