Туркманистон биржасининг вакиллари ЎзРТХБ га ташриф буюришди | Новости

24 Янв 2019
2019 йилнинг 23-24 январларида Туркманистон Давлат товар-хом ашё биржасининг делегацияси “ЎзРТХБ” АЖ га ҳуқуқ ва кадрлар бошқармасининг бошлиғи Оразсахет Чориев бошчилигида ташриф уюштирди. Делегация таркибига, шунингдек, таҳлил ва технологиялар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Ботир Хожимурадов, рўйхатга олиш бўлимининг бошлиғи Сейитмират Сейитмирадов, маркетинг ва бозорларни таҳлили бўлимининг бошлиғи Рустем Хатджаев ва ишлар бошқаруви бўлимининг бошлиғи Агамират Мирадов кирдилар.
 
Мазкур тадбир 2013 йилнинг 25 ноябрида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси (ЎзРТХБ) ва Туркманистон Давлат товар-хом ашё биржаси (ТДХБ) ўртасида имзоланган Ҳамкорлик келишувини амалга ошириш ишлари доирасида ташкиллаштирилди.
Учрашув бошида биржага ташриф буюрганлар учун ЎзРТХБ фаолияти тўғрисидаги презентацион видеоролик намойиш этилди. Хусусан, улар маҳаллий биржани ташкил топиш ва ривожланиш тарихи, унда сотиладиган товар активлари, ҳамда UZEX биржасининг замонавий ҳолати ва истиқболли режалари тўғрисида маълумотга эга бўлдилар.
 
Биржа ходимлари биржанинг савдо платформалари, биржа аъзолари ва савдо иштирокчиларнинг аккредациядан ўтказиш тартиби, биржа ва аукцион савдолар механизми тўғрисида ҳам батафсил маълумот тақдим этдилар. Шунингдек биржа томонидан ҳам йирик товар ишлаб чиқарувчилар, ҳам кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун тақдим этилган афзалликлари тўғрисида ҳам сўз юритилди.
 
Ташрифнинг иккинчи кунида меҳмонлар “ЎзРТХБ” АЖ нинг асосий савдо залига кириб, биржа савдолари жараёнини реал вақт тарзида кузатдилар, ҳамда мижозларга ҳисоб-китоб клиринг хизмат кўрсатиш механизмини ўрганиб чиқдилар. Сўнгра, кўргазма-ярмарка савдолари, давлат харидлари бўйича махсус ахборот портали ва авторақамларни сотиш бўйича электрон тизимларнинг тақдимоти ўтказилди.
Ўз навбатида Туркманистон делегациясининг аъзолари ЎзРТХБ фаолиятига юқори баҳо бериб, биржа савдолари Ўзбекистонда нархларни шаффоф тарзда шаклланишида муҳим аҳамиятга эга бозор механизми эканлигини таъкидладилар. 
 
Учрашув якунига кўра, томонлар келгусида биржалараро алоқаларни янада фаоллаштириш ва Ҳамкорлик келишувини амалга ошириш ишларини давом эттиришга келишиб олдилар.
 

Источник : "ЎзРТХБ" АЖ Матбуот хизмати

Курилди: 9649