«ЎзРТХБ» АЖ 2018 йил якунларини сарҳисоб қилди | Новости

21 Янв 2019
2019 йилнинг 18 январь куни “ЎзРТХБ” АЖ бошқарувининг 2018 йил якунлари ва 2019 йилнинг устувор вазифаларига бағишланган кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда марказий аппарат бўлимлар ва ҳудудий филиалларнинг бошлиқлари иштирок этдилар.
 
Тадбирда таъкидлаб ўтилганидек, 2018 йилда “ЎзРТХБ” АЖ фаолиятида бозор тамойиллари асосида жадал ижобий ўзгаришлар қайд этилди. Хусусан биржанинг 2018 йилдаги товарайланмаси 31,8 трлн сўмни ташкил этиб, 2017 йилга нисбатан 2,3 маротабага ўсди. Бунда биржа савдоларининг улуши 90,1%, электрон давлат харидлари – 6%, кўргазма-ярмарка савдолари – 3,5% ва авторақамларни сотиш бўйича онлайн аукционнинг ҳиссаси 0,4% ни ташкил этди.
 
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг иштироки билан тузилган битимларнинг умумий ҳажми 2017 йилга нисбатан 70% га ўсиб, 15,9 трлн сўмни ташкил этди. Тадбиркорлар 11,2 трлн сўмлик товар ресурсларини биржа орқали харид қилишди ва ўзиларининг 4,7 трлн сўмлик маҳсулотларни сотишди.
 
Биржа савдо платформасида сотувчи корхоналар савдоларда хақиқий бозор нархларининг шаклланииши эвазига 3,9 трлн сўмлик қўшимча даромад олишди.
 
Биржа орқали амалга оширилган экспортнинг ҳажми 2,1 маротабага ўсди ва 125,9 млн АҚШ долларини ташкил этди. Маҳаллий маҳсулотларни ташқи бозорларга олиб чиқишда экспортчиларга кўмак бериш мақсадида 2018 йилда Қозоғистон ва Беларусда “ЎзРТХБ” АЖ нинг савдо майдончалари очилди.
 
Шунингдек ҳисобот даврида биржанинг ташқи алоқаларини ривожлантириш, савдо инфратузилмасини кенгайтириш, савдолар шаффофлигини ошириш ва электрон тизимларнинг ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича кенг қамровли ишлар олиб борилди.
 
Мажлис якунига кўра, 2019 йил учун устувор вазифалар белгиланди ва улар қаторида биржа товарайланмасининг ўсиш суръатларини таъминлаш, мижозларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, янги дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқариш, ходимлар малакасини ошириш ва корпоратив бошқарувни такомиллаштириш каби вазифалар устувор йўналишлар сифатида эътироф этилди.
 

Источник : "ЎзРТХБ" АЖ Матбуот хизмати

Курилди: 9550