Жорий йил 28 сентябрда “Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси” АЖнинг марказий биносида Ўзбекистон ва Қозоғистон расмий тузилмалари ва ишбилармон доира вакиллари иштирокида давра суҳбати ўтказилди. Учрашувдан кўзланган асосий мақсад “ЎзРТХБ” АЖ биржа савдоларида Қозоғистон компанияларининг иштироки ва импорт товарларни сотиш бўйича янги механизмни муҳокама қилиш бўлди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратураси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Иқтисодиёт вазирлиги, Божхона қўмитаси, Давлат Солиқ қўмитаси, Давлат рақобат қўмитаси, "Commerzbank AG"нинг Ўзбекистондаги Ваколатхонаси, “Трастбанк” ХАБ, шунингдек, Қозоғистон Республикаси Миллий банки, "Bank RBK" АЖ, Қозоғистоннинг цемент ишлаб чиқарувчи заводлари вакиллари иштирок этдилар.
Учрашувда таъкидланганидек, жорий йилда Ўзбекистонда иқтисодиётнинг самарадорлигини ошириш ва модернизация қилишга йўналтирилган бир қатор ҳукумат қарорлари қабул қилинди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 сентябрда имзолаган ПФ-5177 сонли “Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги, 2018 йил 16 январдаги ПФ-5303 сонли “Мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини янада таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари, Президентнинг 2018 йил 17 январдаги ПҚ-3479 сонли “Мамлакат иқтисодиётининг тармоқларини талаб юқори бўлган маҳсулот ва хом-ашё турлари билан барқарор таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ва Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 майдаги ҲҚ-323 сонли “Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарори шулар жумласидандир.
Ўзбекистон Республикасининг Бош Прокуратурасининг 2018 йил 13 июнда ўтказилган видео-селектор йиғилиши баённомаси асосида “ЎзРТХБ” АЖга бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда хориж ишлаб чиқарувчиларини жалб қилган ҳолда цементни импорт қилиш бўйича биржа савдоларини ташкиллаштиришни ишлаб чиқиш ва таклифлар киритиш вазифаси юклатилган эди.
Юқорида қайд этилган ҳукумат қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилда Қозоғистоннинг “ЕСТ” товар биржаси” АЖ билан Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида экспорт-импорт биржа савдоларини ташкил этиш борасида ҳамкорлик келишуви имзоланган эди. Бундан ташқари, жорий йил 19 апрелда Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Ерик Утембаевнинг “ЎзРТХБ” АЖ га ташрифи чоғида икки давлат ўртасида биржа савдолари соҳаси бўйича савдо-иқтисодий муносабатларнинг ривожланиш истиқболлари муҳокама қилинган эди.
Мазкур учрашувлар ва тадбирлар натижасида Ўзбекистоннинг ички бозорида асоссиз равишда нархларнинг ошиб кетишига йўл қўймаслик мақсадида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган ёки кам миқдорда ишлаб чиқарилувчи импорт товарлар бўйича биржа савдоларини ташкил этиш механизми ишлаб чиқилди.
Давра суҳбатида биржа савдоларида норезидентларнинг иштирок этиш тартиби, ўзаро ҳисоб-китоблар механизми батафсил тушунтирилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларига ўзгартириш киритиш юзасидан зарур таклифларни ишлаб чиқиш мақсадида биржанинг янги механизмини такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш бўйича долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Айни вақтда норезидент-сотувчилар UZEX биржасида бир кун ичида аккредитациядан ўтмоқдалар. Биржа шартномасини очиш ва савдоларда иштирок этиш учун улар шунингдек, листинг жараёнидан ўтадилар ва биржанинг Ҳисоб-китоб клиринг палатасига келишувнинг тахминий баҳосидан 10 фоиз миқдоригача бўлган гаров пулини киритадилар.
Электрон биржа савдолари брокерлик идоралари воситачилиги асосида бошланғич нархнинг ўсиб бориши механизмидаги аукцион шаклида ўтказилади. Электрон савдолар натижаларига кўра, биржанинг импорт шартномаси шакллантирилади ва расмийлаштирилади. Бу шартнома биржа ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Давлат божхона қўмитасида рўйхатдан ўтказилади.
Ўз навбатида биржа битими бўйича ўзаро ҳисоб-китоблар Ҳисоб-китоб клиринг палатаси орқали миллий валютада амалга оширилади. Битим бажарилганидан сўнг, норезидентга хизмат кўрсатувчи брокерлик идораси битимнинг якуний ҳисоб-китобини амалга ошириш учун ўз мижозининг талаби билан ваколатли банк ва Ўзбекистон Республикаси валюта биржаси орқали маблағлар конвертациясини амалга оширади.
Жорий йил август ойида “ЎзРТХБ” АЖ орқали Қозоғистон цементини сотиш бўйича лойиҳа синов тарзида ишга тушди. Август-сентябрь ойларида Қозоғистоннинг “SAS-Tobe Technologies” МЧЖ томонидан цементнинг ПЦ II B-Ш 32,5 Н маркаларини сотиш бўйича 5 та биржа шартномалари очилди. Цементнинг мазкур маркалари бетон ва темир-бетон, ер усти ва ер ости ҳамда сув ости иншоотлари учун кенг қўлланилади. Товар Сариоғоч темир йўл бекатига етказиб берилади. Савдода иштирок этиш учун 1 фоиз гаров пулини тўлаш лозим.
Ўтган вақт давомида “SAS-Tobe Technologies” томонидан қиймати 726,6 млн сўмга тенг 1,4 минг тонна цемент сотилди. Импорт цементи учун биржа котировкаси бир тонна учун 534,3 минг сўмга тенг бўлди, бу эса резидентлар томонидан олиб кириладиган импорт цемент нархидан паст эканлигини кўрсатмоқда.
Шу тариқа, “ЎзРТХБ” АЖ нинг савдо механизми импорт товарлар ишлаб чиқарувчиларни биржа савдоларига воситачиларсиз жалб қилиш имкониятини тақдим этади. Бу эса маҳсулотларнинг ички бозор конъюнктурасига ижобий таъсир кўрсатади. Биржа тизимининг очиқлиги ва шаффофлиги республикага импорт қилинаётган товарларни мониторинг қилишни ҳам таъминлайди. Биржа савдолари натижасига кўра шаклланадиган котировкалар эса товарнинг реал бозор баҳосини аниқлашга кўмак беради.
Яқин келажакда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларда биржа механизмини қўллаш икки давлат ўртасидаги товар айланмасининг ривожланишига хизмат қилади.
Тақдимотлар ва маърузалар якунлангач, учрашув норасмий даврада давом этди. Тадбир сўнггида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.
Источник : "ЎзРТХБ" АЖ Матбуот хизмати
Курилди: 9960