Биржа келишувлари бир ҳафтада 46% га ўсди | Новости

17 Сен 2018

Жорий йилнинг 10 сентябрдан 15 сентябргача бўлган давр мобайнида “ЎзРТХБ” АЖ да 762,8 млрд сўмлик битимлар тузилди.

Биржа савдолари

Кўриб чиқилаётган даврда биржа савдоларининг ҳажми 437,9 млрд сўмдан 697,8 млрд сўмга кўтарилди. Сотувлар бўйича қурилиш материаллари биринчи ўринни 27,8% билан эгаллаб турибди. Иккинчи ўринда пахта толаси жойлашган бўлиб, биржа бозорининг 18,8% ни эгаллади. Кейинги ўринлардан 13% улуш билан кимё маҳсулотлари, 10,5 % улуш билан нефть маҳсулотлари жойлашди.

Валюта савдо майдончаси орқали 4,8 млн АҚШ доллардан ортиқ қийматга тенг товарлар сотилди. Келишувларнинг асосий қисмини катодли мис ташкил қилди. Унинг улуши 48% га тенг. Кейинги ўринни 42% улуш билан пахта толаси эгаллади. Рўйхатнинг кейинги қаторларини 5% улуш билан полиэтилен, 3% улуш билан мотор мойи ва 2% улуш билан петролатум эгаллади.

Жорий йилнинг 10 сентябрдан 15 сентябргача бўлган даврда биржанинг Листинг комиссияси томонидан сотувчилар аризасига биноан қурилиш материаллари,  минерал ўғитлар, қишлоқ хўжалиги ва ёғ-мой маҳсулотлари, нефть маҳсулотлари  ва бошқа товарларга 90 та стандарт биржа контрактлари очилди.

Кўргазма-ярмарка савдо

Кўргазма-ярмарка савдолар ҳажми ўтган ҳафтадаги кўрсаткичга нисбатан 37,7% га қисқарди ва 11,1 миллиард сўмни ташкил қилди. Кичик бизнес субъектлари томонидан амалга оширилган харидлар 7,0 миллиард сўмни ёки 63,3% ни ташкил қилди.

Имзоланган келишувларнинг ҳажми бўйича биринчи ўринни Тошкент филиали 6,8 миллиард сўмлик келишувлар билан банд этди. Бухоро филиали 2,4 миллиард сўмга тенг келишувлар имзолаб, иккинчи ўринни, Фарғона филиали 0,5 миллиард сўмга тенг келишувлар имзолаб, учинчи ўринни эгаллади.

Сотилган товарлар тузилмасига кўра, етакчи қаторларни қора ва рангли металлар банд этди. Бундай маҳсулотлар 1,8 миллиард сўмга тенг миқдорда сотилди. Кейинги ўринлардан кимё маҳсулотлари (1,6 миллиард сўм), эҳтиёт қисмлар (1,5 миллиард сўм) жой олди.

Авторақамлар бўйича онлайн аукцион

Ўтган ҳафта мобайнида онлайн аукцион орқали 887 та автомобиль рақамлари сотилди. Сотилган давлат рақам белгиларининг умумий суммаси 3,5 миллиард сўмдан ошди.

Рақобатли савдолар натижасида битимларнинг қарийб 22% биринчи тоифадаги авторақамларга, 51% иккинчи ва 27% учинчи тоифа авторақамларга тегишли.

Харидорлар таркибида етакчиликни Тошкент ва Тошкент вилояти авто ҳаваскорлари эгаллади ва уларнинг тузилган битимлар сонидаги улуши 23% га тенг. Кейинги ўринда Фарғона вилоятининг авто ҳаваскорлари 12% улуш билан жойлашди. Учинчи ўрин Самарқанд ва Бухоро вилоятларининг авто ҳаваскорларига тегишли бўлиб, ҳар бирининг улуши 10% ни ташкил қилади. Бошқа ҳудудларнинг улуши 45% га тенг.

Давлат харидлари

Электрон давлат харидлари тизимида 53,9 миллиард сўмлик битимлар тузилди.

Ўтган ҳафта мобайнида бюджет буюртмачилари томонидан умумий қиймати 32,8 миллиард сўмлик битимлар тузилган бўлса, корпоратив буюртмачилар томонидан 21,0 миллиард сўмдан ортиқ шартнома электрон тарзда имзоланди.

Шу жумладан, электрон дўконда тузилган битимларнинг умумий қиймати 32,2 миллиард сўмни, электрон аукционда тузилган битимлар қиймати 21,6 миллиард сўмни ташкил этди.

Источник : "ЎзРТХБ" АЖ Матбуот хизмати

Курилди: 10418