Маълумки, Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко 12-14 сентябрь кунлари расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлди. Александр Лукашенко Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан ҳам тор доирада, ҳам икки давлатнинг делегация аъзолари иштирокида кенгайтирилган таркибда муҳокамалар ўтказди. Келишувлар якунига кўра, турли соҳалар бўйича ҳамкорликни янада кенгайтириш тўғрисида ҳужжатлар имзоланди.
Расмий ташриф доирасида 13 сентябрь куни Тошкентда ўзбек-белорус бизнес-форуми ўтказилди. Бизнес-форум давомида қиймати 230 миллион доллардан ортиққа тенг келишувлар ва шартномалар тузилди. Форумда шунингдек, “Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси” АЖ ва “Беларусь универсал товар биржаси” ОАЖ ўртасида шартнома имзоланди.
Икки биржа ўртасидаги янги келишув корхоналарни моддий-техник ресурслар ва Ўзбекистон ва Беларусь товар ишлаб чиқарувчилари маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида биржа савдолари технологияси ва инструментларини қўллаш, география, товар номенклатураси ва иштирокчилар сонини кенгайтириш, электрон савдо майдончаларида амалга ошириладиган битимлар ҳажмини оширишда тажриба алмашишга қаратилган.
Хусусан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, металл маҳсулотлари, пиломатериаллар, текстиль маҳсулотлари ва бошқа турдаги товарларни сотиш бўйича ҳамкорликдаги биржа савдоларини ташкил қилиш мўлжалланмоқда. Шунингдек, биржа савдолари иштирокчиларининг аккредитациядан ўтиш имкониятларини ўрганиш, иккала биржанинг маркетинг хизматлари ўртасидаги ўзаро ахборот алмашинувини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.
Бу келишувни имзолаш орқали биржа савдоларини либерализация қилиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширишга, маҳаллий экспорт салоҳиятимизни оширишга, маҳаллий товар ишлаб чиқарувчиларнинг белорус бозорларига киришни енгиллаштиришга ва Ўзбекистонда белорус бизнес имкониятларининг оширишга кўмак беради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, жорий йил 31 май куни Тошкентда “ЎзРТХБ” АЖ ва “БУТБ” ОАЖ ўртасида келишувга эришилганди. Келишув асосида биржалар ўртасида ўзаро муносабатларни қўллаш учун махсус ишчи гуруҳи ташкил этилган эди.
Источник : "ЎзРТХБ" АЖ Матбуот хизмати
Курилди: 9237