30 июль-3 август давр учун "ЎзРТХБ" АЖ даги савдолар натижалари | Новости

07 Авг 2018

Жорий йилнинг 30 июлдан 3 августгача бўлган давр мобайнида “ЎзРТХБ” АЖ да 555,1 млрд сўмлик битимлар тузилди.

Биржа савдолари

Кўриб чиқилаётган даврда биржа савдоларининг ҳажми 614,1 млрд сўмдан 541,5 млрд сўмга тушди. Сотувлар бўйича қурилиш материаллари биринчи ўринни 33,1% билан эгаллаб турибди. Иккинчи ўринда пахта толаси жойлашган бўлиб, биржа бозорининг 21,7% ни эгаллади. Кейинги ўринлардан 11,4% улуш билан нефть маҳсулотлари, 10,2 % улуш билан кимё маҳсулотлари жойлашган.

Валюта савдо майдончаси орқали 538,3 минг АҚШ доллардан зиёд маҳаллий маҳсулотлар сотилди. Келишувларнинг асосий қисмини Гач II ташкил этди. Унинг улуши 59%га тенг. Кейинги ўринни саноат мойи  эгаллади. Унинг улуши 38% ни ташкил қилади. Учинчи ўринни банд этган петролатумнинг улуши 3% га тенг.

Жорий йилнинг 30 июлидан 3 августгача бўлган даврда биржанинг Листинг комиссияси томонидан сотувчилар аризасига биноан қурилиш материаллари,  қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва ёғ-мой маҳсулотлари, нефт маҳсулотлари  ва бошқа товарларга 125 та стандарт биржа контрактлари очилди.

Кўргазма-ярмарка савдо

Кўргазма-ярмарка савдолар ҳажми ўтган ҳафтадаги кўрсаткичга нисбатан 55,7% га қисқарди ва 13,6 миллиард сўмни ташкил қилди. Кичик бизнес субъектлари томонидан амалга оширилган харидлар 10,2 миллиард сўмни ёки 75,1% ни ташкил қилди.

Имзоланган келишувларнинг ҳажми бўйича биринчи ўринни Тошкент филиали 8,3 миллиард сўмлик келишувлар билан банд этди. Самарқанд филиали 2,0 миллиард сўмга тенг келишувларни имзолаган бўлса, Наманган филиали 1,2 миллиард сўмга тенг келишувлар имзолаб, учинчи ўринни эгаллади.

Сотилган товарлар тузилмасига кўра, етакчи қаторларни кимё маҳсулотлари банд этди. Бундай маҳсулотлар 6,5 миллиард сўмга тенг миқдорда сотилди. Кейинги ўринлардан эҳтиёт қисмлар маҳсулотлари (0,6 миллиард сўм), полимерлар ва пластмассалар (0,4 миллиард сўм) жой олди.

Авторақамлар бўйича онлайн аукцион

Ўтган ҳафта мобайнида онлайн аукцион орқали 877 та автомобиль рақамлари сотилди. Уларнинг 125 таси юридик шахсларга, 752 таси жисмоний шахсларга сотилган. Сотилган давлат рақам белгиларининг умумий суммаси 2,9 миллиард сўмдан ошди.

Рақобатли савдолар натижасида битимларнинг қарийб 21% биринчи тоифадаги авторақамларга, 54% иккинчи ва 25% учинчи тоифа авторақамларга тегишли.

Харидорлар таркибида етакчиликни Тошкент ва Тошкент вилояти авто ҳаваскорлари эгаллади ва уларнинг тузилган битимлар сонидаги улуши 20% га тенг. Кейинги ўринда Фарғона вилояти авто ҳаваскорлари 13% улуш билан жойлашди. Учинчи ўрин Андижон вилояти авто ҳаваскорларига тегишли бўлиб, улуши қарийб 11% ни ташкил қилади. Бошқа ҳудудларнинг улуши 56% га тенг.

Источник : "ЎзРТХБ" АЖ Матбуот хизмати

Курилди: 11280