Бир ҳафта мобайнида давлат харидлари тизимида тузилган битимлар ҳажми 4,2 %га ошди | Новости

27 Авг 2018

Жорий йилнинг 20 августдан 26  августгача бўлган давр мобайнида “ЎзРТХБ” АЖ да 546,7 млрд сўмлик битимлар тузилди.

Биржа савдолари

Кўриб чиқилаётган даврда биржа савдоларининг ҳажми 862,3 млрд сўмдан 471,4 млрд сўмга тушди. Сотувлар бўйича қурилиш материаллари биринчи ўринни 31,6% билан эгаллаб турибди. Иккинчи ўринда нефть маҳсулотлари жойлашган бўлиб, биржа бозорининг 17,8% ни эгаллади. Кейинги ўринлардан 13,6% улуш билан газ ва полиэтилен, 8,3 % улуш билан озиқ-овқат маҳсулотлари жойлашди.

Валюта савдо майдончаси орқали 4,2 млн АҚШ доллардан ортиқ қийматга тенг товар сотилди. Ўтган ҳафта давомида фақатгина катодли мис сотилди.

Жорий йилнинг 20 августидан 26 августигача бўлган даврда биржанинг Листинг комиссияси томонидан сотувчилар аризасига биноан қурилиш материаллари,  минерал ўғитлар, қишлоқ хўжалиги ва ёғ-мой маҳсулотлари, нефт маҳсулотлари  ва бошқа товарларга 82 та стандарт биржа контрактлари очилди.

Кўргазма-ярмарка савдо

Кўргазма-ярмарка савдолар ҳажми ўтган ҳафтадаги кўрсаткичга нисбатан 34,7% га тушди ва 7,1 миллиард сўмни ташкил қилди. Кичик бизнес субъектлари томонидан амалга оширилган харидлар 4,9 миллиард сўмни ёки 69,8% ни ташкил қилди.

Имзоланган келишувларнинг ҳажми бўйича биринчи ўринни Тошкент филиали 3,2 миллиард сўмлик келишувлар билан банд этди. Бухоро филиали 1,8 миллиард сўмга тенг келишувлар имзолаб, иккинчи ўринни, Андижон филиали 0,4 миллиард сўмга тенг келишувлар имзолаб, учинчи ўринни эгаллади.

Сотилган товарлар тузилмасига кўра, етакчи қаторларни кимё маҳсулотлари банд этди. Бундай маҳсулотлар 1,0 миллиард сўмга тенг миқдорда сотилди. Кейинги ўринлардан қурилиш материаллари (0,8 миллиард сўм), эҳтиёт қисмлар (0,8 миллиард сўм) жой олди.

Авторақамлар бўйича онлайн аукцион

Ўтган ҳафта мобайнида онлайн аукцион орқали 689 та автомобиль рақамлари сотилди. Сотилган давлат рақам белгиларининг умумий суммаси 3,4 миллиард сўмдан ошди.

Рақобатли савдолар натижасида битимларнинг қарийб 21% биринчи тоифадаги авторақамларга, 51% иккинчи ва 28% учинчи тоифа авторақамларга тегишли.

Харидорлар таркибида етакчиликни Тошкент ва Тошкент вилояти авто ҳаваскорлари эгаллади ва уларнинг тузилган битимлар сонидаги улуши 30% га тенг. Кейинги ўринда Самарқанд вилояти авто ҳаваскорлари 10% улуш билан жойлашди. Учинчи ўрин Хоразм ва Фарғона вилоятлари авто ҳаваскорларига тегишли бўлиб, уларнинг ҳар бирининг улуши 8% ни ташкил қилади. Бошқа ҳудудларнинг улуши 44% га тенг.

Давлат харидлари

Электрон давлат харидлари тизимида 68,2 миллиард сўмлик битимлар тузилди. Бу эса аввалги ҳафта натижасидан 4,2% га ортиқ эканлигини кўрсатди.

Ўтган ҳафта мобайнида бюджет буюртмачилари томонидан умумий қиймати 35,0 миллиард сўмлик битимлар тузилган бўлса, корпоратив буюртмачилар томонидан 33,2 миллиард сўмдан ортиқ шартнома электрон тарзда имзоланди.

Шу жумладан, электрон дўконда тузилган битимларнинг умумий қиймати 9,5 миллиард сўмни, электрон аукционда тузилган битимлар қиймати 58,7 миллиард сўмни ташкил этди.

Источник : "ЎзРТХБ" АЖ Матбуот хизмати

Курилди: 10159