Жорий йилнинг 13 августдан 17 августгача бўлган давр мобайнида “ЎзРТХБ” АЖ да 938,6 млрд сўмлик битимлар тузилди.
Биржа савдолари
Кўриб чиқилаётган даврда биржа савдоларининг ҳажми 722,9 млрд сўмдан 862,3 млрд сўмга кўтарилди. Сотувлар бўйича пахта толаси биринчи ўринни 38,5% билан эгаллаб турибди. Иккинчи ўринда қурилиш материаллари жойлашган бўлиб, биржа бозорининг 22,8% ни эгаллади. Кейинги ўринлардан 10,4% улуш билан нефть маҳсулотлари, 6,1 % улуш билан газ ва полиэтилен жойлашди.
Валюта савдо майдончаси орқали 2,6 млн АҚШ доллардан зиёд маҳаллий маҳсулотлар сотилди. Келишувларнинг асосий қисмини саноат мойи ташкил этди. Унинг улуши 65%га тенг. Кейинги ўринни Гач II эгаллади. Унинг улуши 19% ни ташкил қилади. Учликни 11% улуш билан полиэтилен якунлади.
Жорий йилнинг 13 августидан 17 августигача бўлган даврда биржанинг Листинг комиссияси томонидан сотувчилар аризасига биноан қурилиш материаллари, қишлоқ хўжалиги ва ёғ-мой маҳсулотлари, нефт маҳсулотлари ва бошқа товарларга 65 та стандарт биржа контрактлари очилди.
Кўргазма-ярмарка савдо
Кўргазма-ярмарка савдолар ҳажми ўтган ҳафтадаги кўрсаткичга нисбатан 72,9% га тушди ва 10,8 миллиард сўмни ташкил қилди. Кичик бизнес субъектлари томонидан амалга оширилган харидлар 6,5 миллиард сўмни ёки 59,8% ни ташкил қилди.
Имзоланган келишувларнинг ҳажми бўйича биринчи ўринни Тошкент филиали 4,8 миллиард сўмлик келишувлар билан банд этди. Наманган филиали 2,2 миллиард сўмга тенг келишувлар имзолаб, иккинчи ўринни, Бухоро филиали 1,1 миллиард сўмга тенг келишувлар имзолаб, учинчи ўринни эгаллади.
Сотилган товарлар тузилмасига кўра, етакчи қаторларни кимё маҳсулотлари банд этди. Бундай маҳсулотлар 3,9 миллиард сўмга тенг миқдорда сотилди. Кейинги ўринлардан қурилиш материаллари (1,3 миллиард сўм), қора ва рангли металлар (1,2 миллиард сўм) жой олди.
Авторақамлар бўйича онлайн аукцион
Ўтган ҳафта мобайнида онлайн аукцион орқали 783 та автомобиль рақамлари сотилди. Сотилган давлат рақам белгиларининг умумий суммаси 2,4 миллиард сўмдан ошди.
Рақобатли савдолар натижасида битимларнинг қарийб 20% биринчи тоифадаги авторақамларга, 52% иккинчи ва 28% учинчи тоифа авторақамларга тегишли.
Харидорлар таркибида етакчиликни Тошкент ва Тошкент вилояти авто ҳаваскорлари эгаллади ва уларнинг тузилган битимлар сонидаги улуши 20% га тенг. Кейинги ўринда Фарғона вилояти авто ҳаваскорлари 13% улуш билан жойлашди. Учинчи ўрин Андижон ва Самарқанд вилоятлари авто ҳаваскорларига тегишли бўлиб, уларнинг ҳар бирининг улуши 10% ни ташкил қилади. Бошқа ҳудудларнинг улуши 47% га тенг.
Давлат харидлари
Электрон давлат харидлари тизимида 65,4 миллиард сўмлик битимлар тузилди. Бу эса аввалги ҳафта натижасидан 5,8 миллиард сўмга ортиқ эканлигини кўрсатди.
Ўтган ҳафта мобайнида бюджет буюртмачилари томонидан умумий қиймати 42,3 миллиард сўмлик битимлар тузилган бўлса, корпоратив буюртмачилар томонидан 23,1 миллиард сўмдан ортиқ шартнома электрон тарзда имзоланди.
Шу жумладан, электрон дўконда тузилган битимларнинг умумий қиймати 21,0 миллиард сўмни, электрон аукционда тузилган битимлар қиймати 44,4 миллиард сўмни ташкил этди.
Источник : "ЎзРТХБ" АЖ Матбуот хизмати
Курилди: 11565