Жорий йилнинг 6 августдан 10 августгача бўлган давр мобайнида “ЎзРТХБ” АЖ да 762,9 млрд сўмлик битимлар тузилди.
Биржа савдолари
Кўриб чиқилаётган даврда биржа савдоларининг ҳажми 541,5 млрд сўмдан 722,9 млрд сўмга кўтарилди. Сотувлар бўйича пахта толаси биринчи ўринни 29,0% билан эгаллаб турибди. Иккинчи ўринда қурилиш материаллари жойлашган бўлиб, биржа бозорининг 23,7% ни эгаллади. Кейинги ўринлардан 9,2% улуш билан нефть маҳсулотлари, 7,9 % улуш билан рангли металлар, газ ва полиэтилен жойлашди.
Валюта савдо майдончаси орқали 3,7 млн АҚШ доллардан зиёд маҳаллий маҳсулотлар сотилди. Келишувларнинг асосий қисмини полиэтилен ташкил этди. Унинг улуши 74%га тенг. Кейинги ўринни саноат мойи эгаллади. Унинг улуши 26% ни ташкил қилади.
Жорий йилнинг 6 августидан 10 августигача бўлган даврда биржанинг Листинг комиссияси томонидан сотувчилар аризасига биноан қурилиш материаллари, қишлоқ хўжалиги ва ёғ-мой маҳсулотлари, нефт маҳсулотлари ва бошқа товарларга 174 та стандарт биржа контрактлари очилди.
Кўргазма-ярмарка савдо
Кўргазма-ярмарка савдолар ҳажми ўтган ҳафтадаги кўрсаткичга нисбатан 192,8% га ўсди ва 39,9 миллиард сўмни ташкил қилди. Кичик бизнес субъектлари томонидан амалга оширилган харидлар 33,5 миллиард сўмни ёки 83,9% ни ташкил қилди.
Имзоланган келишувларнинг ҳажми бўйича биринчи ўринни Тошкент филиали 34,0 миллиард сўмлик келишувлар билан банд этди. Андижон ҳамда Наманган филиали ҳар бири 1,5 миллиард сўмга тенг келишувлар имзолаб, иккинчи ва учинчи ўринни эгаллади.
Сотилган товарлар тузилмасига кўра, етакчи қаторларни кимё маҳсулотлари банд этди. Бундай маҳсулотлар 13,8 миллиард сўмга тенг миқдорда сотилди. Кейинги ўринлардан ёқилғи ва нефть маҳсулотлари (0,9 миллиард сўм), эҳтиёт қисмлар (0,8 миллиард сўм) жой олди.
Авторақамлар бўйича онлайн аукцион
Ўтган ҳафта мобайнида онлайн аукцион орқали 776 та автомобиль рақамлари сотилди. Сотилган давлат рақам белгиларининг умумий суммаси 2,5 миллиард сўмдан ошди.
Рақобатли савдолар натижасида битимларнинг қарийб 23,5% биринчи тоифадаги авторақамларга, 54% иккинчи ва 22,5% учинчи тоифа авторақамларга тегишли.
Харидорлар таркибида етакчиликни Тошкент ва Тошкент вилояти авто ҳаваскорлари эгаллади ва уларнинг тузилган битимлар сонидаги улуши 18% га тенг. Кейинги ўринда Фарғона вилояти авто ҳаваскорлари 14% улуш билан жойлашди. Учинчи ўрин Андижон вилояти авто ҳаваскорларига тегишли бўлиб, улуши қарийб 12% ни ташкил қилади. Бошқа ҳудудларнинг улуши 56% га тенг.
Источник : "ЎзРТХБ" АЖ Матбуот хизмати
Курилди: 13739