ЎзРТХБ нинг давлат харидлари бўйича махсус ахборот портали xarid.uz ишга туширилган пайтдан бошлаб ҳозирги кунга қадар биржанинг янги электрон савдо тизимида умумий қиймати 404 млрд сўмлик 140 мингдан зиёд битимлар тузилди.
Ўтган давр мобайнида бюджет буюртмачилари томонидан умумий қиймати 262,7 млрд сўмлик 116 мингдан зиёд битимлар тузилган бўлса, корпоратив буюртмачилари томонидан 141,3 млрд сўмдан ортиқ 24 мингга яқин шартнома электрон тарзда имзоланди. Шу жумладан, электрон дўконда тузилган битимларнинг умумий қиймати 129,3 млрд сўмни, электрон аукцион орқали – 274,8 млрд сўмни ташкил этди.
Шунингдек ушбу даврда умумий ҳисобда 71,5 млрд сўмлик бюджет ва корпоратив маблағлар тежалди. Яъни, электрон дўкон орқали 11,1 млрд сўмлик маблағ тежалган бўлса, электрон аукцион ўтказилиши натижасида 60,4 млрд сўмлик маблағлар иқтисод қилинди.
Имзоланган битимлар сонига нисбатан вилоятлар кесимига кўра, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида энг юқори кўрсаткичлар қайд этилган, ҳамда уларнинг барча тузилган битимлардаги умумий улуши 25% ни ташкил этган. Кейинги ўринларда Фарғона вилояти – 10%, Самарқанд вилояти ва Қорақалпоғистон Республикаси – 9%, Қашқадарё вилояти – 7% улуш билан жойлашган. Қолган ҳудудларнинг улуши 40% атрофида.
Бугунги кунга келиб биржанинг электрон давлат харидлари тизимида 20 минг атрофида етказиб берувчилар рўйхатдан ўтказилган бўлиб, уларнинг аксарият қисмини кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ташкил этади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги “ЎзРТХБ” АЖ ни давлат харидлари бўйича махсус ахборот портали - xarid.uz нинг оператори этиб тайинланган.
Источник : "ЎзРТХБ" АЖ Матбуот хизмати
Курилди: 13008