“ЎзРТХБ” АЖнинг 2018 йил I- ярим йиллик якунлари | Новости

30 Июл 2018

2018 йилнинг I ярим йиллик якунига кўра, “ЎзРТХБ” АЖ да 13,46 трлн сўмлик битимлар тузилиб, ўтган йилнинг шу даври билан солиштирганда 94,7% га ўсди. Шу жумладан, биржа савдо битимларининг ҳажми 2,4 баробарга ўсиб, 12,7 трлн сўмни ташкил қилди. Бу эса биржанинг умумий савдо айланмасининг 94,5 фоизига тенг.

Биржа савдолари платформасида бир қатор товарлар бўйича натурал кўринишда ўсиш кузатилди, шу жумладан, минерал ўғитлар – 11 карра, дизель ёқилғиси – 8,5 карра, қора металл прокати – 4 карра, пахта момиғи – 3 карра, цемент – 24% га ўсди.

I ярим йиллик мобайнида берилган аризаларга мувофиқ 5 мингта товар позициялари листинг жараёнидан ўтиб, улар бўйича стандартлаштирилган биржа шартномалари очилди. Валюта савдо майдончасида полиэтилен, пахта толаси, қизилмия илдизи ва қуруқ экстракти, бетон аралашмаси, рангли металлар, суюлтирилган газ ва петролатум бўйича 77 та экспорт позициялари очилди.

Биржа товарлари ҳажмини ошиши ва уларнинг номенклатурасини кенгайиши, ҳамда биржада яратилган қулайликлар эвазига 30 минг нафар янги мижозлар рўйхатдан ўтди. Биржа савдоларида соф бозор нархларини шаклланиши эвазига сотувчи корхоналар 2,0 трлн сўмлик қўшимча даромад олишди.

Бизнеснинг биржа ва аукцион савдоларида фаол иштирок этиши ҳисобига электрон савдоларнинг ўсишига эришилди. Хусусан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари иштироки билан тузилган битимларнинг умумий ҳажми 6,3 трлн сўмни ташкил этиб, 2017 йилнинг  I ярим йиллигига нисбатан 34% га ўсди. Тадбиркорлар биржа орқали 5,1 трлн сўмлик товар ресурсларини харид қилиб, 1,2 трлн сўмлик маҳсулот сотдилар.

Ҳисобот даврида кўргазма-ярмарка савдолари тизимида 635,1 млрд сўмлик 14,7 мингта битимлар тузилди. Харидларнинг катта қисми, яъни 37% кимё маҳсулотларига, 22% – озиқ-овқат маҳсулотлари, 20% - металл  маҳсулотлари ва 7,5% – қурилиш молларига тўғри келди.

Биржанинг валюта савдо майдончаси ва электрон дўкони орқали қиймати 51,1 млн АҚШ долларига тенг маҳаллий маҳсулотлар экспорт қилинди. Натижада 60% ўсиш қайд этилди. Биржа савдолари орқали экспорт орқали ҳажми 35% га тенг полиэтилен, пахта толаси – 32%, саноат мойи – 10% ва цинк – 6% дан сотилди.                      2018 йилнинг I ярим йиллигида онлайн аукционлар орқали 116,8 мингта авторақамлар сотилди. Сотилган давлат рақам белгиларининг умумий киймати 34,2 млрд сўмдан ошди. Кўрсатилган даврда тузилган битимнинг ўртача қиймати 16,5 млн сўмни ташкил этди.

Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунига асосан, давлат харидлари бўйича ваколатли орган – Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги “ЎзРТХБ” АЖни давлат харидлари бўйича махсус портал – xarid.uz нинг оператори этиб тайинлади.

Xarid.uz портали давлат харидлари бўйича Ўзбекистон Республикасидаги ягона ахборот ресурси ҳисобланади. Шунингдек, портал бошланғич нархни пасайтириб бориш йўли билан ўтказиладиган электрон дўкон ва аукцион шаклидаги давлат харидларини амалга оширишга мўлжалланган онлайн савдо майдонидир.

Кўриб чиқилаётган давр мобайнида давлат харидлари бўйича тузилган битимлар ҳажми 28,2 млрд сўмни, корпоратив харидлар бўйича 17,2 млрд сўмни ташкил қилди. Электрон дўконда тузилган битимлар қиймати эса 20,6 млрд сўмга етди.

Источник : "ЎзРТХБ" АЖ Матбуот хизмати

Курилди: 10295