Жорий йилнинг 9 июлдан 13 июлгача бўлган давр мобайнида “ЎзРТХБ” АЖ да 749,9 млрд сўмлик битимлар тузилди.
Биржа савдолари
Кўриб чиқилаётган даврда биржа савдоларининг ҳажми 588,2 млрд сўмдан 737,0 млрд сўмга кўтарилди. Сотувлар бўйича пахта толаси биринчи ўринни 33,9% билан эгаллаб турибди. Иккинчи ўринда қурилиш материаллари жойлашган бўлиб, биржа бозорининг 20,3% ни эгаллади. Кейинги ўринлардан 10,9% улуш билан нефть маҳсулотлари, 7,2 % улуш билан кимё маҳсулотлари жойлашган.
Валюта савдо майдончаси орқали 771,5 минг АҚШ доллардан зиёд маҳаллий маҳсулотлар сотилди. Келишувларнинг асосий қисмини пахта толаси ташкил этди. Унинг улуши 62%га тенг. Кейинги ўринни техник мой эгаллади. Унинг улуши 36% ни ташкил қилади. Учинчи ўринни банд этган петролатум улуши 2% га тенг.
Жорий йилнинг 9 июлидан 13 июлигача бўлган даврда биржанинг Листинг комиссияси томонидан сотувчилар аризасига биноан, нефт маҳсулотлари, минерал ўғитлар, қурилиш материаллари ва бошқа товарларга 152 та стандарт биржа контрактлари очилди.
Кўргазма-ярмарка савдо
Кўргазма-ярмарка савдолар ҳажми ўтган ҳафтадаги кўрсаткичга нисбатан 43,0% га қисқарди ва 13,0 миллиард сўмни ташкил қилди. Кичик бизнес субъектлари томонидан амалга оширилган харидлар 6,1 миллиард сўмни ёки 47,3% ни ташкил қилди.
Имзоланган келишувларнинг ҳажми бўйича биринчи ўринни Наманган филиали 4,2 миллиард сўмлик келишувлар билан банд этди. Тошкент филиали 3,5 миллиард сўмга тенг келишувларни имзолаган бўлса, Самарқанд филиали 2,4 миллиард сўмга тенг келишувлар имзолаб, учинчи ўринни эгаллади.
Сотилган товарлар тузилмасига кўра, етакчи қаторларни кимё маҳсулотлари банд этди. Бундай маҳсулотлар 3,9 миллиард сўмга тенг миқдорда сотилди. Кейинги ўринлардан полимерлар ва пластмассалар (1,4 миллиард сўм), эҳтиёт қисм маҳсулотлари (0,6 миллиард сўм) жой олди.
Авторақамлар бўйича онлайн аукцион
Ўтган ҳафта мобайнида онлайн аукцион орқали 1531 та автомобиль рақамлари сотилди. Кўрсаткичларнинг кескин ўсиб кетиши авторақамлар нархининг пасайтирилганлиги билан боғлиқ. Уларнинг 230 таси юридик шахсларга, 1301 таси жисмоний шахсларга сотилган. Сотилган давлат рақам белгиларининг умумий суммаси 5,8 миллиард сўмдан ошди.
Рақобатли савдолар натижасида битимларнинг қарийб 24% биринчи тоифадаги авторақамларга, 50% иккинчи ва 26% учинчи тоифа авторақамларга тегишли.
Харидорлар таркибида етакчиликни Тошкент ва Тошкент вилояти авто ҳаваскорлари эгаллади ва уларнинг тузилган битимлар сонидаги улуши 20% га тенг. Кейинги ўринда Фарғона вилояти авто ҳаваскорлари 18% улуш билан жойлашди. Учинчи ўрин Самарқанд вилояти авто ҳаваскорларига тегишли бўлиб, улуши 12% ни ташкил қилади. Бошқа ҳудудларнинг улуши 50% га тенг.
Источник : "ЎзРТХБ" АЖ Матбуот хизмати
Курилди: 9511