“ЎзРТХБ” АЖда давлат харидларига бағишланган семинар ўтказилди | Новости

07 Июн 2018

Жорий йил 5 июнда Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржасининг Марказий аппаратида фармацевтика ва соғлиқни сақлаш соҳасида давлат харидлари тизимининг иштирокчилари ва буюртмачилари учун семинар ташкил этилди. Семинарда тиббиёт муассасалари ходимлари, шунингдек, дори воситалари ва тиббиёт ускуналарини етказиб берувчи ташкилотлар вакиллари иштирок этдилар.

Мазкур семинарни ўтказишдан асосий мақсад давлат харидлари бўйича онлайн аукцион ва электрон дўкон механизмлари қоидалари билан таништиришдир. Тадбир иштирокчиларига махсус ахборот портали – xarid.uz’га давлат харидлари бўйича барча турдаги эълонларни жойлаштириш тартиби, мижознинг шахсий кабинетида шартномани расмийлаштириш жараёни, биржанинг Ҳисоб-китоб клиринг палатаси орқали ўзаро ҳисоб-китобни олиб бориш механизми намойиш этилди. Бундан ташқари, харидлар якуни бўйича юзага келган шикоят ва баҳсларни кўриб чиқиш масаласига ҳам тўхталди.

Етказиб берувчилар электрон рақамли имзо ёрдамида давлат харидлари бўйича онлайн аукцион ва электрон дўконда иштирок этиш тартиби билан танишдилар.

Семинар доирасида иштирокчиларга Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган 3016-сонли “Харид қилиш тартиб-таомилларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби бўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”, 3015-сонли “Махсус ахборот портали операторининг давлат харидларини ташкил этиш ҳамда ўтказиш борасидаги фаолияти тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”, 3013-сонли “Давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лоийҳа бошқаруви миллий агентлиги директорининг буйруқлари ҳақида маълумотлар берилди.     

Тадбир якунида семинар иштирокчилари ўртасида электрон давлат харидларида иштирок этиш масалалари бўйича фикр алмашилди, буюртмачилар ва етказиб берувчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

Источник : "ЎзРТХБ" АЖ Матбуот хизмати

Курилди: 11298