Ўтган ҳафта давомида биржа орқали қиймати деярли 977 млн сўмга тенг 74 та авторақамлар сотилди | Новости

25 Июн 2018

Жорий йилнинг 18 июндан 22 июнгача бўлган давр мобайнида “ЎзРТХБ” АЖ да 692,1 млрд сўмлик битимлар тузилди. Бу эса аввалги ҳафтага нисбатан 47,7 %га ўсганлигини кўрсатди.

Биржа савдолари

Кўриб чиқилаётган даврда биржа савдоларининг ҳажми 438,5 млрд сўмдан 670,8 млрд сўмга кўтарилди. Сотувлар бўйича қурилиш моллари биринчи ўринни 26,5% билан эгаллаб турибди. Иккинчи ўринда пахта толаси жойлашган бўлиб, биржа бозорининг 21,9% ни эгаллади. Кейинги ўринлардан 14,0 % улуш билан нефть маҳсулотлари, 10,3 % улуш билан газ ва полиэтилен жойлашган.

Валюта савдо майдончаси орқали 1,42 млн АҚШ долларлик маҳаллий маҳсулотлар сотилди. Келишувларнинг асосий қисмини пахта толаси ташкил этди. Унинг улуши 74%. Кейинги ўринни техник мой эгаллади. Унинг улуши 10% га тенг. Рангли металлнинг улуши 9 %га тенг бўлса, бошқа нефть маҳсулотларининг улуши эса 7% ни ташкил қилади.

Жорий йилнинг 18 июнидан 22 июнигача бўлган даврда биржанинг Листинг комиссияси томонидан сотувчилар аризасига биноан нефть маҳсулотлари, полиэтилен, қурилиш материаллари ва бошқа товарларга 83 та стандарт биржа контрактлари очилди.

Кўргазма-ярмарка савдо

Кўргазма-ярмарка савдолар ҳажми ўтган ҳафтадаги кўрсаткичга нисбатан 28,8 % га қисқарди ва 21,2 миллиард сўмни ташкил қилди. Кичик бизнес субъектлари томонидан амалга оширилган харидлар 5,4 миллиард сўмни ёки 25,4 %ни ташкил қилди.

Имзоланган келишувларнинг ҳажми бўйича биринчи ўринни Тошкент филиали 9,7 миллиард сўмлик келишувлар билан банд этди. Наманган филиали 8,5 миллиард сўмга тенг келишувларни имзолаган бўлса, Фарғона филиали 0,9 миллиард сўмга тенг келишувлар имзолаб, учинчи ўринни эгаллади.

Сотилган товарлар тузилмасига кўра, етакчи қаторларни кимё маҳсулотлари банд этди. Бундай маҳсулотлар 10,5 миллиард сўмга тенг миқдорда сотилди. Кейинги ўринлардан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари (1,2 миллиард сўм), машиносозлик маҳсулотлари (0,6 миллиард сўм) жой олди.

Авторақамлар бўйича онлайн аукцион

Ўтган ҳафта мобайнида онлайн аукцион орқали 74 та автомобиль рақамлари сотилди. Уларнинг 12 таси юридик шахсларга, 62 таси жисмоний шахсларга сотилган. Сотилган давлат рақам белгиларининг умумий суммаси 976,9 млн сўмдан ошди.

Рақобатли савдолар натижасида битимларнинг 65% биринчи тоифадаги авторақамлар, 23% иккинчи ва 12% учинчи тоифа авторақамларга тегишли.

Харидорлар таркибида етакчиликни Тошкент ва Тошкент вилояти авто ҳаваскорлари эгаллади ва уларнинг тузилган битимлар сонидаги улуши 38% га тенг. Кейинги ўринда Бухоро вилояти авто ҳаваскорлари 11% улуш билан жойлашди. Учинчи ўрин Самарқанд ва Фарғона вилояти авто ҳаваскорларига тегишли бўлиб, ҳар бирининг улуши 10% ни ташкил қилади. Бошқа ҳудудларнинг улуши 31% га тенг.

Источник : "ЎзРТХБ" АЖ Матбуот хизмати

Курилди: 11614