Давлат харидлари мавзусига бағишланган навбатдаги анжуман ташкил этилди | Новости

21 Июн 2018

Жорий йил 20 июнь куни Миллий матбуот марказида “Давлат харидлари бўйича махсус ахборот портали – электрон тижоратнинг янги биржа модели” мавзуида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Анжуман Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги ва “Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси” АЖ томонидан ташкил этилди. Тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад биржанинг махсус ахборот порталида илк амалга оширилган давлат харидларининг дастлабки натижалари билан таништириш иборат бўлди.

Матбуот анжуманида қайд этилганидек, “Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги “ЎзРТХБ” АЖ ни давлат харидлари бўйича махсус ахборот портали - xarid.uz нинг оператори этиб тайинлади.

Мазкур портал электрон тижоратнинг B2G модели сифатида Ўзбекистон Республикасида давлат харидлари бўйича ягона ахборот ресурси, ҳамда электрон давлат харидларини электрон дўкон ва нархларни пасайишга йўналтирилган электрон аукцион шаклида амалга ошириладиган савдо майдончаси ҳисобланади.

Ўз навбатида давлат харидлари бўйича Оператор порталнинг узлуксиз ишлашини, ундаги маълумотларнинг сақланишини ва техник қўллаб-қувватлашни таъминлайди. Шунингдек оператор Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги ва бошқа давлат органларининг маълумотлар базаси билан ўзаро боғлаш тадбирларини амалга оширади.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, давлат харидлари субъектлари тақдим этилган электрон ҳужжатлар ва электрон хабарларнинг, шу жумладан бўлажак давлат харидлари тўғрисида махсус ахборот порталида жойлаштириладиган ахборотнинг мазмуни билан боғлиқ ҳуқуқий оқибатлар учун жавобгардир.

Электрон дўкон ва бошланғич нархни пасайтиришга йўналтирилган аукцион шаклида харид жараёнлари биржанинг махсус порталида ўтказилади. Бюджет ва корпоратив буюртмачилари бошқа харид турлари, яъни танлов, тендер ва ягона етказиб берувчидан харид қилиш бўйича порталга маълумотлар жойлаштиради. Порталдаги барча амаллар электрон рақамли имзо ёрдамида онлайн режимида фойдаланилади.

Электрон давлат харидларида иштирок этиш учун буюртмачилар ва етказиб берувчилар биржанинг расмий вебсайт www.uzex.uz да рўйхатдан ўтадилар ва хариднинг бошланғич нархининг 3 фоизи миқдорида закалат ва комиссион йиғимларни қоплаш учун шартнома нархининг 0,15 фоиз миқдоридаги маблағни гаров сифатида киритадилар.

Электрон дўконда бюджет ва корпоратив буюртмачилар талабгорнинг таклифлари орасида зарур лотни танлайдилар ва нарх сўраш механизмини фаоллаштиради. Кейинги 48 соат мобайнида етказиб берувчилар худди шундай товарга ўз нарх таклифларини тизимга киритадилар. Савдо ғолиби электрон тизимга киритилган нарх таклифларини солиштирган ҳолда автоматик режимда аниқланади. Буюртмачи ва етказиб берувчи ўртасидаги шартнома мижознинг шахсий кабинетида электрон шаклда имзоланади. Агар бошқа номзодлар нарх таклифларини бермасалар, шартнома оферта жойлаштирган етказиб берувчи билан тузилади.

Бошланғич нархни пасайтиришга йўналтирилган электрон аукцион 10 кун ичида амалга оширилади. Ушбу вақт мобайнида республиканинг барча етказиб берувчилари, жумладан, барча тадбиркорлар қўшимча закалат билан таъминлаш шарти билан нарх таклифларини беришлари мумкин. Савдо босқичлари хариднинг бошланғич нархининг 2 фоизи миқдорида белгиланган. Аукционда энг паст нарх таклиф этган талабгор тимиз томонидан ғолиб деб топади ва унинг номи порталда акс эттирилади. Ўз навбатида шартнома буюртмачи ва савдо ғолибининг шахсий кабинетида шаклланади.

Камида икки номзод иштироки этган аукцион ўтказилган, деб ҳисобланади. Агар аукционда бир нафар ёки бирорта номзод иштирок этмаган бўлса, аукцион қўшимча равишда 5 кунга узайтирилади.

Тузилган шартнома рўйхатдан ўтган кундан бошлаб 10 кун давомида бюджет буюртмачилари шартномада келтирилган маблағнинг тўлиқ ҳажмини Операторнинг Ғазначиликдаги махсус ҳисоб варағига ўтказиб беради. Корпоратив буюртмачилар эса мазкур маблағни биржанинг Ҳисоб-китоб клиринг палатасидаги ўз ҳисоб варағига ўтказишади. Буюртмачи ўз вақтида зарур маблағни киритмаган тақдирда, унинг гаров маблағи ижрочининг Ҳисоб-китоб клиринг палатасидаги, кейинчалик эса жабрланган томоннинг банкдаги ҳисоб варағига жарима сифатида ўтказилади.

Товар етказиб берилмаган ёки нотўғри етказилган ҳолатларда шартнома бўйича пул маблағи буюртмачининг ҳисоб варағига қайтарилади. Ижрочининг закалат маблағи буюртмачининг ҳисоб варағига ўтказилади ёки суд ёхуд Давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссиянинг қарори билан блокдан чиқарилади.

Айни вақтда биржанинг XARID электрон тизимида 30 мингдан зиёд бюджет ташкилотлари, 1,5 минг корпоратив буюртмачилар ва асосий қисмини тадбиркорлик субъектлари ташкил этувчи 9 мингга яқин етказиб берувчилар рўйхатдан ўтказилган. Шу билан бирга, электрон дўконда 16 мингга яқин товарлар ва хизматлар, электрон аукционда эса 7 мингдан ортиқ давлат буюртмалари жойлаштирилган. Порталнинг бир ойлик фаолияти давомида тизимда қиймати 12,5 млрд сўмга тенг 5 мингдан зиёд шартномалар тузилган ва бу кўрсаткичлар ўсишни давом этмоқда.

Янги тартиб ва механизмни тарғиб қилиш мақсадида Лойиҳа бошқаруви агентлиги ЎзРТХБ, Молия вазирлигининг Ғазначилиги билан биргаликда республиканинг барча ҳудудларида буюртмачилар ва етказиб берувчилар иштирокида семинарлар ўтказиб келинмоқда.

Манбаа : "ЎзРТХБ" АЖ Матбуот хизмати

Кўрилди: 12519