ЎзРТХБ да ҳафта давомида имзоланган битимлар ҳажми 7,7 % га ошди | Новости

11 Июн 2018

Жорий йилнинг 4 июндан 8 июнгача бўлган давр мобайнида “ЎзРТХБ” АЖ да 639,9 млрд сўмлик битимлар тузилди. Бу эса ўтган ҳафтадаги кўрсаткичдан 7,7 % га кўп эканлигини кўрсатди. 

Биржа савдолари

Кўриб чиқилаётган даврда биржа савдоларининг ҳажми 573,4 млрд сўмдан 608,6 млрд сўмга кўтарилди. Сотувлар бўйича қурилиш моллари биринчи ўринни 26,5% билан эгаллаб турибди. Иккинчи ўринда пахта толаси жойлашган бўлиб, биржа бозорининг 19,0% ни эгаллади. Кейинги ўринда 11,7 % улуш билан нефть маҳсулотлари ва кимё маҳсулотлари жойлашган бўлиб, унинг улуши 12,7% ни ташкил қилади.

Валюта савдо майдончаси орқали 912,1 минг АҚШ долларлик маҳаллий маҳсулотлар сотилди. Келишувларнинг асосий қисмини Гач II ташкил этди. Унинг улуши 56%. Келишувларнинг кейинги қисми алюминийга тегишли. Унинг улуши 19% га тенг. Полиэтиленнинг улуши 13 %га тенг. Техник мой улуши эса 12 %ни ташкил қилади.

Жорий йилнинг 4 июндан  8 июнигача бўлган даврда биржанинг Листинг комиссияси томонидан сотувчилар аризасига биноан нефт маҳсулотлари, қурилиш материаллари, қора металлар ва бошқа товарларга 182 та стандарт биржа контрактлари очилди.

Кўргазма-ярмарка савдо

Кўргазма-ярмарка савдолар ҳажми ўтган ҳафтадаги кўрсаткичга нисбатан 50,8% га ўсди ва 31,4 миллиард сўмни ташкил қилди. Кичик бизнес субъектлари томонидан амалга оширилган харидлар 9,2 миллиард сўмни ёки 29,2 %ни ташкил қилди.

Имзоланган келишувларнинг ҳажми бўйича биринчи ўринни Наманган филиали 18,8 миллиард сўмлик келишувлар билан банд этди. Тошкент филиали 10,8 миллиард сўмга тенг келишувларни имзолаган бўлса, Сирдарё филиали 1,3 миллиард сўмга тенг келишувлар имзолаб, учинчи ўринни эгаллади.

Сотилган товарлар тузилмасига кўра, етакчи қаторларни кимё маҳсулотлари банд этди. Бундай маҳсулотлар 20,1 миллиард сўмга тенг миқдорда сотилди. Кейинги ўринлардан қора ва рангли металл маҳсулотлари (2,4 миллиард сўм), қишлоқ хўжалик маҳсулотлари (2,4 миллиард сўм) жой олди.

Авторақамлар бўйича онлайн аукцион

Ўтган давр мобайнида онлайн аукцион орқали 60 та автомобиль рақамлари сотилди. Сотилган давлат рақам белгиларининг умумий суммаси 747,3 млн сўмдан ошди.

Рақобатли савдолар натижасида битимларнинг 61,6 % биринчи тоифадаги авторақамлар, 16,6 % битимлар иккинчи тоифа авторақамлар ва 21,6 % битимлар 3-тоифа авторақамлар бўйича тузилган.

Харидорлар таркибида етакчиликни Тошкент ва Тошкент вилояти авто ҳаваскорлари эгаллади ва уларнинг тузилган битимлар сонидаги улуши 36,6 % га тенг. Кейинги ўринда Фарғона вилояти авто ҳаваскорлари 16,6 % улуш билан жойлашди. Учинчи ўрин Самарқанд ва Наманган вилоятлари авто ҳаваскорларига тегишли бўлиб, ҳар бирининг улуши 11.6 % ни ташкил қилади. Бошқа ҳудудларнинг улуши 18.6 % га тенг.

Источник : "ЎзРТХБ" АЖ Матбуот хизмати

Курилди: 9753