“Олтин қалам” Миллий мукофоти ғолиблари тақдирланди | Новости

04 Май 2018

Жорий йилнинг 3-май куни “Туркистон” саройида Жаҳон матбуоти эркинлиги куни муносабати билан анъанавий тарзда ўтказиб келинадиган “Олтин қалам” Миллий мукофоти ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими ўтказилди. Тадбирга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, барча турдаги медиа тузилмаларнинг вакиллари, олий таълим даргоҳларининг профессор-ўқитувчилари, ёш ижодкорлар, мамлакатимиздаги дипломатик корпус ва халқаро ташкилотларнинг вакиллари билан бирга Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси раҳбарияти ва вакиллари ҳам таклиф этилди.

Бу йил ўн учинчи маротаба ўтказилган “Олтин қалам” танловида 523 нафар журналист 7100 дан ортиқ ижодий ишини тақдим этди. Танловни ташкил этиш ва ғолибларни тақдирлаш учун 1 миллиард 570 миллион сўм миқдорида пул мукофотлари ажратилди. Танловда телевидение, радио, босма оммавий ахборот воситалари ва интернет-журналистика йўналишлари бўйича ғолиблар, шунингдек, “ОАВда китобхонлик маданияти тарғиб қилинган энг яхши материал учун”, “Чет эллик журналистнинг Ўзбекистон ҳақидаги энг яхши материали учун”, “Энг яхши матбуот хизмати” ва “Энг яхши фоторепортаж учун” рағбатлантирувчи мукофотлар соҳиблари аниқланди. Бундан ташқари, 80 дан ортиқ ижодкор БМТ, UNESCO, Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Жаҳон банки, UNAIDS, USAID, Словениянинг "Минтақавий мулоқот" халқаро ташкилоти ва чет эл дипломатик корпусларининг Ўзбекистондаги ваколатхоналари томонидан қатор мукофотлар билан тақдирланди. 

Тантанали маросимда Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артистлар, шунингдек халқ артистлари томонидан тақдим этилган концерт дастури меҳмонларга юқори кайфият баҳш этди.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йилнинг 3 августида Ўзбекистон Республикаси Президенти мамлакатимизнинг ижодкор зиёлилар вакиллари билан учрашувида ижодий уюшмаларга ҳомийлик қилиш бўйича йирик ишлаб чиқариш ва хўжалик бирлашмалари, компанияларнинг таклиф ва ташаббуслари қўллаб-қувватланган. Шу жумладан “ЎзРТХБ” АЖ нинг Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмасига ҳомийлик ёрдами маъқулланган.

Источник : "ЎзРТХБ" АЖ Матбуот хизмати

Курилди: 9706