Жорий йил 31 май куни Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржасининг марказий биносида “ЎзРТХБ” АЖ ва “Белоруссия универсал товар биржаси” ОАЖ раҳбарлари учрашуви ўтказилди. Белоруссия биржаси делегацияси таркиби “БУТБ” ОАЖ бошқаруви раиси ўринбосари Ирина Наркевич, Саноат ва истеъмол товарлари савдоси бошқармаси бошлиғи Евгений Миклашевич ва Иқтисод ва клиринг бошқармаси бошлиғи ўринбосари Алексей Калинушкиндан иборат бўлди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ва маҳаллий ОАВ вакиллари иштирок этдилар.
Учрашувдан кўзланган асосий мақсад товар биржалари ўртасидаги келажакдаги ҳамкорлик истиқболлари, электрон савдолар ва ахборот алмашинувининг янги усулларини жорий қилиш бўйича ўзаро тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилиш бўлди. Учрашув доирасида “ЎзРТХБ” АЖ ва “БУТБ” ОАЖ ўртасида янги ҳамкорлик битимини имзолаш маросими ўтказилди.
“ЎзРТХБ” АЖ бошқарув раиси в.в.б Фарохиддин Ибрагимов учрашув аввалида меҳмонларни илиқ қарши олди ва икки томонлама ҳамкорликни ҳар тарафлама ривожлантиришдан манфаатдор эканлигини билдирди.
Тадбирда “ЎзРТХБ” АЖ ва “Белоруссия универсал товар биржаси” ўртасида дўстлик алоқалари анча аввал ўрнатилганлиги таъкидланди. Товар биржалари узоқ йиллар мобайнида икки томонлама асосда, шунингдек, МДҲ давлатлари биржаларининг халқаро ассоциацияси доирасида ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Айтиш керакки, замонавий ахборот технологиялари оламида товарлар биржа савдоларини ташкил этиш амалиёти жадал равишда ўзгариб, янги шаклларга эга бўлиб бормоқда. Шу аснода Ўзбекистонда ҳам биржа савдолари ва электрон тижоратнинг келгусида ривожланиши йўлида ҳукумат қарорлари қабул қилиниб, чоралар кўрилмоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси ва Беларусь Республикаси ўртасидаги алоқалар, хусусан, савдо-иқтисодий муносабатлар янги босқичга кўтарилиш остонасида турибди.
Шу муносабат билан “ЎзРТХб” АЖ раҳбарияти ва “БУТБ” ОАЖ вакиллари Белоруссия ва Ўзбекистон Республикасининг тадбиркорлик субъектлари ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришда ўзаро манфаатли ҳамкорликни фаоллаштириш имкониятлари, электрон савдоларни ташкил этишнинг янги услублари ва шакллари, ахборот ва маркетинг хизматлари ўртасидаги ўзаро алоқаларни ўрганиш хусусида муҳокама ўтказдилар.
Шу билан бир қаторда “ЎзРТХБ” АЖ фаолияти тўғрисида тақдимот ўтказилди. Меҳмонларга савдо платформалари, биржа савдоларини ўтказиш механизми, ҳисоб-китоб клиринг палатаси орқали битимларни кафолатлаш тизими ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Шунингдек, AVTORAQAM ва XARID тизимлари, электрон тижоратнинг B2B ҳамда B2C моделлари алоҳида кўриб чиқилди.
2018 йил I чорак якуниларига кўра, “ЎзРТХБ” АЖ да 5,87 трлн сўмга тенг битимлар тузилди. Бу эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 78 % га ошганлигини кўрсатди. Хусусан, биржа келишувлари ҳажми икки карра ошиб, 5,5 трлн сўмни ташкил қилди.
Учрашув давомида “БУТБ” ОАЖ бошқаруви раиси ўринбосари Ирина Наркевич икки биржа ўртасидаги муносабатлар янада мустаҳкамланишига умид билдирди. Шунингдек, мазкур ташриф биржа савдолари соҳасида тажриба ва малака алмашишга имкон бергани таъкидланди.
Ўз навбатида, “БУТБ” ОАЖ вакиллари биржа фаолияти ва унинг ривожланиш истиқболи ҳақидаги тақдимот ўтказдилар. Белоруссия универсал товар биржаси Беларусь Республикасида ташкил этилган товар бозорининг негизи сифатида фаолият юритади. БУТБ да илк савдолар 2005 йил 2 июнда ўтказилган.
Айни вақтда БУТБ нинг мижозлар базаси 16 мингдан ортиқ иштирокчидан ташкил топган, уларнинг 3700 дан ортиғи жаҳоннинг 56 та мамлакати компанияларидан иборат. 2008 йилдан биржа МДҲ давлатлари биржаларининг халқаро ассоциацияси аъзоси ҳисобланади.
Яқин келажакда Белоруссия универсал товар биржаси базасида холдинг типидаги компания ташкил этилиши режалаштирилмоқда. Бу холдинг компания биржа, ҳисоб-китоб клиринг маркази, филиаллар, вакилликлар, ахборот технологиялари маркази ва умуман, барча биржа инфратузилмасини ўз ичига олади. Бундай холдингни ташкил этиш биржанинг Беларусь Республикасидаги энг муҳим институтлардан бири мақомини янада мустаҳкамлайди.
Музокаралар якунида “ЎзРТХБ” АЖ ва “БУТБ” ОАЖ ўртасида икки томонлама ҳамкорлик келишуви имзоланди.
Келишув доирасида томонлар муносабатларини барқарорлаштириш ва икки томонлама алоқаларни ривожлантириш таклифларини ишлаб чиқиш билан шуғулланувчи қўшма ишчи гуруҳини ташкил этиш режалаштирилмоқда.
Битим имзоланганидан сўнг меҳмонлар “ЎзРТХБ” АЖ нинг савдо залига ташриф буюриб, реал вақти тизимида биржа савдолари жараёни билан танишиш имконига эга бўлдилар. Шунингдек, ҳисоб-китоб клиринг хизмат кўрсатиш механизмини ўрганиб чиқдилар. Тадбир якунида биржа раҳбарлари ва мутахассислар журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб бердилар.
Источник : "ЎзРТХБ" АЖ Матбуот хизмати
Курилди: 10593