Жорий йил 29 май куни Тожикистоннинг Марказий Осиё фонд биржаси директори Алишер Шерназаров бошчилигидаги делегация Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржасига ташриф буюрди. Делегация таркиби Директорлар кенгаши аъзоси Бахтиёр Гадоев ва Бизнесни қўллаб-қувватлаш бўлими менеджери Манижа Хашимовадан иборат бўлди.
Тожикистон делегациясининг ташрифидан кўзланган мақсад “Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси” АЖ фаолияти билан танишиш, ЎзРТХБ ва МОФБ ўртасида икки томонлама ривожлантириш йўналишлари истиқболлари хусусида фикр алмашиш бўлди.
Учрашувда таъкидланганидек, ЎзРТХБ ўзининг замонавий ривожланиш босқичларида хорижий давлатлар, биринчи навбатда қўшни мамлакатлар биржалари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ўрнатишни мақсад қилган. Ўз навбатида Марказий Осиё фонд биржаси вакиллари биржа товар бозорини шакллантириш ва ривожлантиришда ўзбек тажрибасини ўрганишдан манфаатдор эканликларини таъкидлади.
Тадбир давомида “ЎзРТХБ” АЖ фаолияти ҳақида тақдимот ўтказилди, жумладан, биржадаги барча электрон савдо платформаларнинг афзалликлари ва функционал имкониятлари тўғрисида маълумот берилди. Автомобилларнинг давлат рақам белгиларини сотиш механизми – AVTORAQAM меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.
Учрашув якунида Тожикистон Марказий Осиё фонд биржаси вакиллари ЎзРТХБ фаолиятига юқори баҳо бердилар ва келажакда ҳамкорликни мустаҳкамлашдан манфаатдор эканликларини билдирдилар.
Источник : "ЎзРТХБ" АЖ Матбуот хизмати
Курилди: 8234