“ЎзРТХБ” АЖ Словакиянинг халқаро тан олинган CERT International сертификатлаштириш органи томонидан тасдиқланган халқаро ISO 9001:2015 стандарти талабларига мос деб топилди.
Жорий йил апрель ойи давомида “CERT International” сертификатлаштириш бўйича мустақил органининг ташқи аудиторлар комиссияси томонидан “ЎзРТХБ” АЖ фаолияти ўрганиб чиқилди. Аудит ўтказиш учун биржа ходимларидан иборат ишчи гуруҳ тузилди ва уни ўтказиш режаси ишлаб чиқилди.
Текширув давомида “ЎзРТХБ” АЖнинг деярли барча бўлимлари сифат менеджменти ва биржанинг меъёрий ҳужжатлари асосида ишлаб чиқилган ISO 9001:2015 стандарти талабларига мослигини аниқлаш мақсадида аудит текширувидан ўтказилди. Илк навбатда бевосита мижозларга биржа хизматларини кўрсатувчи муҳим бўлимлар, хусусан, маклериат, ҳисоб-китоб-клиринг палатаси ва электрон тижорат ва харидларни ташкиллаштириш бўлимлари фаолияти таҳлил қилинди.
Аудит хулосаларига кўра, ҳеч қандай номутаносибликлар ва камчиликлар аниқланмади. Аудиторлар асосий бўлимлар раҳбарларининг етарли билимга эга эканликларини, истеъмолчиларга қаратилган эътиборни ва дастурий маҳсулотлар ишланмаларини “ЎзРТХБ” АЖнинг кучли жиҳати эканлигини таъкидлашди.
Эслатиб ўтамиз, “ЎзРТХБ” АЖ биржа савдоларини ташкил этиш ва ўтказиш, кўргазма-ярмарка савдолар, электрон давлат ва корпоротив харидлар, шунингдек, электрон тижорат соҳасида 2017 йилда ISO 9001:2015 халқаро сертификатни қўлга киритган эди.
Источник : "ЎзРТХБ" АЖ Матбуот хизмати
Курилди: 9654