Жорий йил 25 май куни биржанинг марказий биносида “ЎзРТХБ” АЖ акционерларининг умумий йиллик йиғилиши ўтказилди.
Тадбир давомида акционерлар жамиятнинг молиявий-хўжалик фаолияти бўйича йиллик ҳисоботини, Кузатув комиссиясининг ва 2017 йил бўйича аудит комиссиясининг ҳисоботларини тасдиқлашди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси департамент бошлиғининг ўринбосари – Тошпулатов Фарходжон Муродович жамиятда давлатнинг ишончли вакили сифатида белгиланди. Кузатув кенгашига қуйидагилар аъзо бўлиб сайланди.
- Бекенов Сунатула Хусанович - Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари.
- Нурматов Алишер Фуркадович - Давлат рақобат қўмитасининг бош мутахассиси.
- Тошпулатов Фарходжон Муродович - Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси департамент бошлиғининг ўринбосари, жамиятда давлатнинг ишончли вакили.
- Хайдаров Бахтиёр Халимович – Давлат рақобат қўмитаси қошидаги Давлат активларини бошқариш маркази бош директори.
- Нормухамедов Сардор Рифатович - «Трастбанк» ХАБ бошқарув раиси.
- Расулов Улуғбек Абдужабарович - «Presystem universal» МЧЖ директори.
- Каримов Ўктамжон Дехконбоевич «Олмалиқ КМК» АЖ бошқарув раисининг иқтисод ва молия бўйича ўринбосари.
Бир оддий акция учун дивиденд 230 сўм қийматида тасдиқланди. Бунда 2017 йил учун дивидент даромади 36,5% ни ташкил этди.
(Маълумот учун 1 та оддий акция 630 сўмни ташкил этади).
Йиғилишда таъкидланганидек, “ЎзРТХБ” АЖ 2017 йилдаги фаолияти мамлакат иқтисодий дастури ва 2015 йилдаги акционерларнинг умумий йиллик йиғилишида тасдиқланган ўрта муддатли (2016-2018) ва узоқ муддатли (2016-2025) даврлар учун биржани ривожлантириш стратегиясининг муҳим устувор вазифаларини амалга оширишга қаратилди. Мазкур стратегия товар бозорларида етакчиликни ошириш йўли орқали биржанинг рақобат афзалликлирини сақлаб қолиш, шунингдек, инновация ва мижозларга хизмат кўрсатиш соҳасидаги мақсад ва вазифаларни белгилаб беради.
Уларни бажариш доирасида 2017 йилда “ЎзРТХБ” АЖда 13,9 трлн сўмга тенг битимлар тузилди, бу эса 2016 йилги шу даврга нисбатан 15,2 % га ортиқ эканлигини кўрсатди. Жумладан, биржа савдолари бўйича битимлар ҳажми 20 % га ўсиб, 11,4 трлн сўмни ташкил қилган.
Кўргазма-ярмарка савдоси платформасида имзоланган битимлар қиймати 1,6 трлн сўмни ташкил қилди, ўсиш 10 % га тенг. Давлат харидлари бўйича электрон тизимда 438,3 млрд сўмга, корпоратив харидлар бўйича 364,7 млрд сўмга тенг битимлар тузилди. “Электрон каталог”да сотув ҳажми 59,5 млрд сўмни ташкил қилди.
Янги йўналишларни ишлаб чиқишда инновацион ечимларни фаол жорий этиш орқали биржа фаолиятида юқори натижаларга эришиш таъминланди. Хусусан, ҳисобот даври мобайнида биржанинг расмий веб-сайти модернизация қилинди, электрон рақамли имзо орқали мижозларни онлайн рўйхатдан ўтказиш амалиёти киритилди, электрон навбат, брокерлар учун электрон журнал ва электрон савдоларда мижозларнинг иштирок этиш жараёнини соддалаштиришга хизмат қилувчи мобил дастур ишга туширилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 31 августдаги 683-сонли қарорига биноан автотранспортлар учун жисмоний ва юридик шахсларга давлат рақам белгиларини оширилган тўлов ставкаси бўйича сотиш учун янги савдо платформаси жорий этилди. Авторақамларни сотиш бўйича онлайн аукцион биржанинг avtoraqam.uzex.uz сайти орқали амалга оширилади. 2017 йил 5 сентябрдан 31 декабргача қиймати 27,6 млрд сўмга тенг 1364 та битим имзоланди. Битта битимнинг ўртача баҳоси 20,2 млн сўмни ташкил қилди, ўртача бошланғич нарх эса 12,5 млн сўмга тенг.
Асосий эътибор ахборот таъминоти ва жамоатчилик билан алоқаларни ривожлантиришга қаратилди. Ахборот фаолиятининг асосий мақсади маҳаллий ОАВ лари, корпоратив портал, теледастурлар, газеталар ва бошқа электрон нашрлар билан ҳамкорлик қилиш орқали кенг жамоатчилик, савдолар иштирокчилари ва бошқа манфаатдор томонларни “ЎзРТХБ” АЖ фаолияти натижалари ҳақида ишончли ва тезкор маълумотлар билан таъминлашдир.
Корпоратив бошқарув кодекси талабларига мувофиқ “ЎзРТХБ” АЖ фаолиятининг самарадорлиги мустақил таҳлилдан ўтказилиб, корпоратив бошқарув тизимининг якуний баҳоси баланд – 1114 баллга лойиқ, деб топилди. Бу чора-тадбирлар биржа фаолиятининг шаффофлигини оширишга ва жамиятнинг стратегик бошқарувида акционерлар ролини кучайтиришга хизмат қилди.
Йиғилиш якунига кўра, “ЎзРТХБ” АЖ Бошқармасининг иши қониқарли деб топилди ва биржанинг 2018 йилги фаолиятининг устувор йўналишлари аниқланди.
Источник : "ЎзРТХБ" АЖ Матбуот хизмати
Курилди: 11219