Жорий йилнинг 14 майдан 18 майгача бўлган давр мобайнида “ЎзРТХБ” АЖ да 646,1 млрд сўмлик битимлар тузилди. Бу эса ўтган ҳафтадаги натижадан 26% га ортиқ эканлигини кўрсатди. Биржа савдоларида сезиларли ўсиш кузатилди.
Биржа савдолари
Кўриб чиқилаётган даврда биржа савдоларининг ҳажми 485,7 млрд сўмдан 628,0 млрд сўмга кўтарилди. Сотувлар бўйича қурилиш моллари биринчи ўринни 30,2% билан эгаллаб турибди. Иккинчи ўринда пахта толаси жойлашган бўлиб, биржа бозорининг 19,2% ни эгаллади. Кейинги ўринда озиқ-овқат товарлари жойлашган бўлиб, унинг улуши 10,4% ни ташкил қилади.
Валюта савдо майдончаси орқали 1,13 млн АҚШ долларлик маҳаллий маҳсулотлар сотилди. Келишувларнинг асосий қисмини полиэтилен ташкил этди. Унинг улуши 78%. Келишувларнинг қолган қисми техник мойга тегишли. Унинг улуши 22% га тенг.
Жорий йилнинг 14 майидан 18 майигача бўлган даврда биржанинг Листинг комиссияси томонидан сотувчилар аризасига биноан нефт маҳсулотлари, қурилиш материаллари, пахта толаси, минерал ўғитлар ва бошқа товарлар бўйича 323 та стандарт биржа шартномалари очилди.
Кўргазма-ярмарка савдо
Кўргазма-ярмарка савдолар ҳажми ўтган ҳафтадаги кўрсаткичга нисбатан 23% га қисқарди ва 18,1 миллиард сўмни ташкил қилди. Кичик бизнес субъектлари томонидан амалга оширилган харидлар 10,3 миллиард сўмни ёки 56,8 % ташкил қилди.
Имзоланган келишувларнинг ҳажми бўйича биринчи ўринни Тошкент филиали 10,0 миллиард сўмлик келишувлар билан банд этди. Наманган филиали 3,7 миллиард сўмга тенг келишувларни имзолаган бўлса, Фарғона филиали ҳам 1,5 миллиард сўмга тенг келишувлар имзолаб, учинчи ўринни эгаллади.
Сотилган товарлар тузилмасига кўра, етакчи қаторларни кимё саноати маҳсулотлари товарлари банд этди. Бундай маҳсулотлар 8,0 миллиард сўмга тенг миқдорда сотилди. Кейинги ўринлардан қора ва рангли метллар (2,4 миллиард сўм), машинасозлик маҳсулотлари (1,4 миллиард сўм) жой олди
Авторақамлар бўйича онлайн аукцион
Ўтган давр мобайнида онлайн аукцион орқали 81 та автомобиль рақамлари сотилди. Уларнинг 55 таси жисмоний шахсларга, 26 таси юридик шахсларга сотилган. Сотилган давлат рақам белгиларининг умумий суммаси 1,3 млрд сўмдан ошди.
Рақобатли савдолар натижасида битимларнинг деярли 66% биринчи тоифадаги авторақамлар, 19% битимлар иккинчи тоифа авторақамлар ва 13% битимлар 3-тоифа авторақамлар бўйича тузилган.
Харидорлар таркибида етакчиликни Тошкент ва Тошкент вилояти авто ҳаваскорлари эгаллади ва уларнинг тузилган битимлар сонидаги улуши 60% га тенг. Кейинги ўринда Сурхондарё, Самарқанд ва Фарғона вилоятлари авто ҳаваскорлари ҳар бири 6% улуш билан жойлашди. Учинчи ўрин Бухоро ва Наманган вилоятлари авто ҳаваскорларига тегишли бўлиб, ҳар бирининг улуши 5% ни ташкил қилади. Бошқа ҳудудларнинг улуши 12% га тенг.
Источник : "ЎзРТХБ" АЖ Матбуот хизмати
Курилди: 8673