“ЎзРТХБ” АЖ раҳбарлари етакчи Россия биржаларига ташриф уюштирдилар | Новости

21 Май 2018

Жорий йил 15 майдан 20 майгача “ЎзРТХБ” АЖ Бошқарув раиси вазифасини вақтинча бажарувчи Фароҳиддин Ибрагимов ва Истиқболли ривожланиш бўйича директор Азиз Абдуганиев хизмат ташрифи билан Россия Федерациясида бўлдилар.

Ташриф давомида ўзбек биржаси вакиллари “Москва биржаси” ОАЖ ва Санкт-Петербург Халқаро товар-хом ашё биржасида бўлдилар. Ташрифдан кўзланган асосий мақсад биржалар ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш ва замонавий биржа савдоларини ташкил этишда тажриба алмашиш бўлди.

“Москва биржаси” ОАЖ вакиллари билан ўтказилган муҳокамалар чоғида “ЎзРТХБ” АЖ вакиллари Москва биржасининг инфратузилмаси, савдоларни ўтказиш усуллари хусусан, мақсадли битимларни ва фьючерс шартномалари савдоси билан танишдилар. Учрашув давомида электрон савдо тизимини интеграциялаш орқали Россия шакари ва буғдойини биржа савдоларига қўйиш имкониятлари ёки Москвада “ЎзРТХБ” АЖ нинг савдо майдончаларини очиш тўғрисида фикр алмашилди. Шунингдек, ҳамкорликка оид бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Санкт-Петербург Халқаро товар-хом ашё биржасига уюштирилган ташриф давомида Россия биржаси раҳбарлари билан бизнес алоқалар ўрнатилди. Табиий газни биржа савдоларида сотиш ва имзоланган келишувлар шартларини бажариш бўйича савдо иштирокчиларининг, хусусан, биржада аккредитациядан ўтадиган аъзоларнинг масъулиятини ошириш борасида механизм яратиш масалалари кўриб чиқилди.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йил декабрь ойида “ЎзРТХБ” АЖ ва айни вақтда Санкт-Петербург Халқаро товар-хом ашё биржаси структурасига кирувчи “Ҳисоб-китоб депозитарий компанияси” АЖ ўртасида ҳамкорлик қилиш бўйича келишувга эришилган эди.

Манбаа : "ЎзРТХБ" АЖ Матбуот хизмати

Кўрилди: 8877