2018 йил 14 май куни Миллий матбуот марказида Оммавий ахборот воситалари учун “Электрон давлат харидларининг очиқлиги ва самарадорлигини таъминлашнинг янги механизми” мавзуида матбуот анжумани ташкил этилди. Анжуман ташкилотчилари сифатида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви агентлиги ва “Ўзбекистон Республика товар-хомашё биржаси” АЖ иштирок этишди. Тадбирдан кўзланган асосий мақсад кенг жамоатчиликни махсус ахборот порталида амалга ошириладиган электрон давлат харидлари тартиби ва механизми билан таништиришдан иборат бўлди.
Матбуот анжуманида таъкидланганидек, 2018 йил 9 апрелда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланган 472-сонли “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонуни давлат харидлари соҳасидаги муносабатларни тартибга солади. Қабул қилинган ҳужжат давлат харидлари очиқлигини ва шаффофлигини ҳамда бу соҳада тадбиркорларнинг рақобат курашувини таъминлайди, давлат бюджети, марказлаштирилган манбалар ва давлат улушига эга бўлган корхоналар маблағларидан самарали фойдаланишга имкон яратади.
Янги Қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви агентлиги давлат харидлари соҳасида ваколатли орган ҳисобланади. Ўзбекистон Республика товар-хомашё биржаси эса агентлик томонидан махсус ахборот порталининг оператори этиб тайинланиши кутилмоқда.
Тадбир давомида биржанинг янги портали, яъни xarid.uz нинг тақдимоти ўтказилди. Мазкур ахборот портали орқали давлат харидларининг шаффофлиги ва очиқ-ойдинлиги таъминланади. Хусусан, порталда кутилаётган барча турдаги харидлар ҳақида батафсил маълумотлар чоп этилади, ҳамда давлат харидлари электрон дўкон ва бошланғич нархни пасайтиришга қаратилган электрон аукцион шаклларида ўтказилади.
Электрон дўкон порталда талабгорларнинг буюртмачи номига юборилган таклифлари асосида шаклланади ва ўз ичига махсус талаблар қўйилмаган товар (иш, хизмат)ларнинг барча турларини қамраб олади. Бюджет буюртмачилар учун товар харид қилиш чегараси энг кам ойлик иш ҳақининг 25 баробаридаги қийматга тенг, йилига эса энг кам ойлик иш ҳақининг 2500 баробарига тенг қийматидан ошиб кетмаслиги керак. Корпоратив буюртмачилар учун давлат хариди қиймати энг кам ойлик иш ҳақининг 250 баробаридан ошмаслиги керак. Бюджет ва корпоратив буюртмачилар учун иш ёки хизматни харид қилиш қиймати энг кам ойлик иш ҳақининг 25 баробаридан ошмаслиги талаб этилади.
Мазкур электрон тизимда нархлар сўрови қўлланилиб, ушбу механизм қидирилаётган товарни нисбатан паст нархда аниқлаб беради. Мазкур жараён атиги 48 соат вақт олиши эвазига буюртмачилар харидни имкон қадар қисқа муддатда амалга оширишлари мумкин. Ўз навбатида савдолар ғолиби электрон тизимга келиб тушган нарх таклифларини таққослаш асосида автоматик равишда аниқланади. Буюртмачи ва етказиб берувчи ўртасидаги шартнома мижознинг шахсий кабинетида тузилади.
Электрон аукцион орқали харид қилиш ҳам порталда онлайн режимда босқичма-босқич нархни пасайиб бориш йўли билан амалга оширилади. Бундай турдаги харидлар одатда стандарт хусусиятлар эга бўлган товарларга нисбатан қўлланилади, ҳамда уларни баҳолаш ва таққослашни талаб этмайди. Аукционда бир келишув бўйича товар харид қилиш қиймати энг кам ойлик иш ҳақининг 5000 баробаридан кам бўлиши керак, бюджет буюртмачилари учун энг кам ойлик иш ҳақининг 2500 баробаридан ошмаслиги зарур. Электрон аукционда иш ёки хизмат хариди амалга оширилмайди.
Буюртмачилар ўз аризасини аукцион ғолиби аниқланишидан 10 кун аввал порталга жойлаштирадилар. Аукционни ўтказиш жараёнида талабгорлар битимни қўшимча аванс тўловлари билан таъминлаган ҳолда чекланмаган миқдорда нарх таклифларини беришлари мумкин. Аукцион муввафақиятли ўтказилди деб ҳисобланиши учун унда камида 2 та талабгор иштирок этиши талаб этилади.
Энг паст миқдорда нарх таклифини берган талабгор тизим томонидан ғолиб деб топилади. Ўз навбатида тузилган битим ва савдо ғолибининг номи автоматик тарзда порталда акс эттирилади, ҳамда буюртмачи ва савдо ғолибининг шахсий кабинетларида шартнома шаклланади.
Янги механизмни ишлаб чиқиш чоғида асосий эътибор электрон давлат харидлари иштирокчилари, жумладан, тадбиркорлик субъектлари учун бир қатор қулайликлар яратишга қаратилди.
Биринчидан, буюртмачилар ва етказиб берувчилар фақатгина солиқ органларининг электрон рақамли имзоси (ЭРИ) ёрдамида электрон харидларда иштирок этадилар. Бу эса қоғозбозлик, бюрократизм ва коррупциянинг олдини олиш ва бартараф этишга хизмат қилади.
Иккинчидан, товарни харид қилиш ҳақидаги эълонни чоп этишдан бошлаб, то буюртмачи ва етказиб берувчи ўртасидаги шартномани тузилгунга қадар бўлган барча босқичларни электрон шаклда олиб борилиши харидларни амалга ошириш жараёни ва уларнинг натижаларига таъсир этиши мумкин бўлган инсон омилини чеклайди.
Бундан ташқари, “XARID” электрон тизимига илк бор биржанинг Ҳисоб-китоб клиринг палатаси орқали битимлар ижросини кафолатлаш амалиёти киритилди. Электрон харидларда иштирок этиш учун томонлар аванс маблағларини киритиши талаб этилади. Буюртмачи ёки етказиб берувчилардан бири шартнома шартларини бажармаган тақдирда, аванс тўлови жабрланувчи фойдасига ўтказилади. Бундан ташқари, шартнома шартларини бузган етказиб берувчи инсофсиз етказиб берувчилар реестрига киритилади ва 3 йил давомида электрон харидларда иштирок этиш имкониятидан маҳрум бўлади. Бу ҳақдаги қарор давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни ўрганиб чиқиш Комиссияси томонидан қабул қилинади. Жарима санкцияларини қўлланилиши ўз навбатида электрон харидлар иштирокчиларининг масъулиятини оширишга ва томонларнинг шартномавий интизомни кўтаришга хизмат қилади.
Айни вақтда янги электрон тизимда 3 мингга яқин иштирокчилар аккредитациядан ўтган ва электрон дўконда эса 1,6 мингдан зиёд товарлар қўйилган. Савдо иштирокчилари учун қўшимча қулайликларни яратиш мақсадида мижозларни рўйхатдан ўтказиш механизми соддалаштирилди, кун-тун давлат харидлари иштирокчиларини қўллаб-қувватлаш хизмати ишга тушди (Call-марказ: 213-33-30 ёки 1162). Шунингдек, ЎзРТХБ, Лойиҳа бошқаруви агентлиги, Молия вазирлигининг Ғазначилиги, Давлат рақобат қўмитаси маълумотлар базаларини электрон шаклда ўзаро алмашинуви таъминланди. Республиканинг барча ҳудудий филиалларида буюртмачилар ва етказиб берувчилар иштирокида ўқув семинарлар ўтказилди.
Источник : "ЎзРТХБ" АЖ Матбуот хизмати
Курилди: 14822