Жорий йил 11 май куни Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржасининг марказий биносида “ЎзРТХБ” АЖ ва “Қирғизистон фонд биржаси” ЁАЖ раҳбарлари иштирокида учрашув ташкил этилди. Қирғизистон фонд биржасининг делегация таркибидан Директорлар кенгаши раиси Абдулатип Султонов, биржа президенти Назар Ниёзов ҳамда биржа мутахассислари ва брокерлик идораларининг вакиллари ўрин олди.
Учрашувдан кўзланган асосий мақсад ўзаро тажриба алмашиш, ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ва икки биржа ўртасида ҳамкорлик бўйича келишувга эришишдан иборат бўлди. Тадбирда шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Давлат рақобат қўмитаси ва ОАВ вакиллари иштирок этдилар.
Учрашувни очиб берган “ЎзРТХБ” АЖ Бошқарувининг Раиси вазифасини вақтинчалик бажарувчи Фарохидин Ибрагимов меҳмонларни илиқ кутиб олди ва икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга тўлиқ кўмак беришини таъкидлаб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан иқтисодиётни либерализациялаш ва модернизация қилиш борасида фаол сиёсий ҳаракатлар олиб бораётганлиги таъкидланди. Хусусан, экспорт ҳажмини ошириш ва экспорт-импорт операцияларини соддалаштириш, мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва мамлакат иқтисод тармоқларини зарур маҳсулотлар ва хомашё билан барқарор таъминлаш борасида ҳукумат қарорлари қабул қилинди. Шу билан бирга, мамлакат раҳбари биринчи ўринда қўшни мамлакатлар билан дўстона муносабатларни янада ривожлантиришга алоҳида урғу бермоқда.
Шу муносабат билан “ЎзРТХБ” АЖ ва “Қирғизистон фонд биржаси” ЁАЖ раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси ўртасидаги ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлашда биржа савдоси имкониятлари хусусида сўз юритдилар.
Учрашув жараёнида “Қирғизистон фонд биржаси” ЁАЖ раҳбари товар сегментида биржа савдоларини ташкил этиш соҳасида ўзаро тажриба алмашиш ва икки мамлакат биржалари ўртасида ҳамкорлик муносабатларини ривожлантиришга умид билдирди. Шунингдек, яқин орада Қирғизистон фонд биржасида товар-хомашё ресурслари билан биржа савдоларини ташкил қилиш учун алоҳида товар секцияси ташкил этилиши таъкидланди.
Муҳокамалар якунига кўра, биржалар раҳбарлари томонидан биржа савдолари орқали товар маҳсулотларини сотиш бўйича тажриба алмашиш, биргаликда экспорт-импорт биржа савдоларини ташкил этиш ва ҳисоб-китоб клиринг хизмат кўрсатишни амалга ошириш тўғрисида ҳамкорлик келишуви имзоланди. Келишувнинг асосий мақсади икки мамлакат бозорига ўзбек ва қирғиз товарларини олиб киришдир.
Имзоланган келишув доирасида биржалар қуйидаги йўналишлар бўйича ҳамкорлик қилиш назарда тутилган:
- Электрон биржа савдоларини ташкил этиш бўйича ЎзРТХБ тажрибасини ўрганиш.
- Қирғизистон фонд биржасида товар секциясини ташкил этишга кўмаклашиш.
- Биржа савдоларига Қирғизистон Республикасига экспорт қилиш мақсадида Ўзбекистондаги ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг тайёр маҳсулотларини жалб қилиш.
- Биржа савдоларига цемент ишлаб чиқарувчи Қирғизистон компанияларини, шунингдек, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган ёки зарур миқдорда ишлаб чиқарилмайдиган кўмир маҳсулотлари ва бошқа қурилиш материалларини жалб қилиш.
- Маҳаллий товар ишлаб чиқарувчиларнинг экспорт ҳажмини ошириш мақсадида Қирғизистон Республикасида “ЎзРТХБ” АЖнинг савдо майдончасини очиш имкониятларини ўрганиш.
Томонлар шунингдек, ҳамкорликда ишчи гуруҳини ташкил этиш тўғрисида ҳам келишиб олдилар. Мазкур ишчи гуруҳи илк босқичда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида экспорт-импорт биржа савдоси учун товарлар рўйхатини шакллантиради.
Келишув имзоланганидан сўнг, “ЎзРТХБ” АЖ вакиллари меҳмонларни биржа фаолияти ва унинг техник инфратузилмаси, шунингдек, кейинги йилларда “ЎзРТХБ” АЖ нинг ривожланиш истиқболлари билан таништирдилар. Хусусан, биржанинг электрон савдо платформалари ҳақида тақдимот ўтказилди. Иштирокчилар реал вақт режимида биржа савдоларининг олиб борилишини кузатдилар ва ҳисоб-китоб клиринг хизмат кўрсатиш механизмини ўрганиб чиқдилар. Қўшимча тарзда ўзбек товарларининг экспорти амалга ошириладиган валюта савдо майдочасинининг фаолияти тўғрисида ҳам маълумотлар берилди.
Учрашув давомида “Қирғизистон фонд биржаси” ЁАЖ вакиллари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан биржа фаолиятини ривожлантиришга қаратилган қарорлари ва фармонлари (2018 йил 16 январдаги “Мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини янада таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5303 сонли фармони, 2018 йил 28 февралдаги “Пахта хом ашёси ва бошоқли дон етиштиришни молиялаштириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3574 сонли қарори, “Мамлакат иқтисодиётининг тармоқларини талаб юқори бўлган маҳсулот ва хом ашё турлари билан барқарор таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3479-сонли қарори) билан ҳам танишиб чиқдилар.
Ташриф якунига кўра, “ЎзРТХБ” АЖ ва “Қирғизистон фонд биржаси” ЁАЖ ўртасидаги ҳамкорлик келишувини амалга оширишнинг асосий босқичлари аниқланди. Раҳбарлар ва мутахассислар журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб беришди.
Маълумот учун: Қирғизистон фонд биржаси қимматли қоғозлар бозорини шакллантириш мақсадида 1994 йилда ташкил топган. Қирғизистон фонд биржаси фаолиятининг асосида фонд биржаларини ташкил этиш бўйича жаҳон тажрибаси ётади. Биржанинг йирик акционерлари қаторига Истанбул фонд биржаси (BORSA Istanbul) ва Қозоғистон Фонд биржаси киради. Биржада масофадан туриб ишлаш имкониятини берувчи электрон савдо тизими амал қилади.
Источник : "ЎзРТХБ" АЖ Матбуот хизмати
Курилди: 13262