ЎзРТХБ пахта толасини ички бозорга сотишни бошлади | Новости

05 Апр 2018
2018 йилнинг 2 апрелидан “ЎзРТХБ” АЖда биржа савдолари орқали “Ўзпахтасаноат” АЖнинг пахта толасини ички бозорга сотуви бошланди. Биржа котировкалаш варағига пахта толаси бўйича 4-5 типдаги 1,2,3-навдаги, Олий, Яхши, Ўрта, Оддий, Ифлос классдаги 13 та  стандартлаштирилган биржа шартномалари киритилди. Биржа товарини етказиб бериш шарти  FCA – Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги ихтисослашган пахта терминаллари.
 
Дастлабки биржадаги савдоларнинг якунларига кўра, биржада 14,5 млрд сўмлик 950 тоннадан ортиқ “Ўзпахтасаноат” АЖнинг пахта толаси сотилган. Пахта толаси сотиб олувчилари сифатида пахта толасини қайта ишлаш бўйича қайта ишлаб чиқариш қувватларига эга бўлган маҳаллий тўқимачилик корхоналари, ҳамда ўз маҳсулотларини ишлаб чиқаришда пахта толасидан фойдаланувчи бошқа ташкилотлар ҳисобланади.
 
Жорий йилнинг февраль ойидан “Ўзпахтасаноат” АЖнинг пахта толаси “ЎзРТХБ” АЖси биржа савдолари орқали экспортга сотилмоқда. Ушбу маҳсулотнинг биржа орқали экспорт қилинган ҳажми 5,7 минг тоннадан ошди.
 
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 февралидаги №106-сонли “Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамияти корхоналарида ишлаб чиқарилган пахта толасини сотиш ва ҳисоб-китоблар механизмини такомиллаштириш тўғрисида” ги Қарорига мувофиқ “Ўзпахтасаноат” АЖнинг пахта толаси ички бозор ва экспортга биржа савдолари орқали сотилади.
 

Манбаа : "ЎзРТХБ" АЖ Матбуот хизмати

Кўрилди: 10083