Жорий йилнинг 26 мартдан 1 апрелигача бўлган давр мобайнида “ЎзРТХБ” АЖ да 520,1 млрд сўмлик битимлар тузилиб, аввалги ҳафтага нисбатан деярли 36% га ўсди. Сотув ҳажмларининг ўсиши биржанинг барча савдо платформаларида қайд этилди.
Биржа савдолари
Кўриб чиқилаётган даврда биржа савдоларининг ҳажми 372,8 млрд сўмдан 494,6 млрд сўмгача ошди. Сотувлар бўйича қурилиш моллари 34% улуш билан биринчи ўринни эгаллаб турибди. Иккинчи ўринда кимё маҳслотларида жойлашиб, уларга биржа бозорининг 19% тегишлидир. Нефть маҳсулотларининг улуши 13% ни ташкил этди.
Валюта савдо майдончасида қарийиб 2,7 млн АҚШ долларлик пахта толаси, полиэтилен, алюминий, рух ва индустриал мойлар сотилди. Пахта толаси ва рухнинг биржа экспорт бозоридаги улушининг ҳар бири 34% дан ташкил қилди.
Ўтган ҳафтада биржанинг Листинг комиссияси томонидан нефть маҳсулотлари, пахта толаси, қурилиш материаллари ва бошқа товарлар бўйича 214 та стандарт биржа шартномалари очилди.
Кўргазма-ярмарка савдолари
Ўтган ҳафтада кўргазма-ярмарка савдолари тизимида 25,5 млрд сўмлик 832 та битим тузилди. Аввалги ҳафтага нисбатан савдо ҳажмларининг ўсиши 53% ни ташкил этди. Тадбиркорлик субъектлари томонидан 8,5 млрд сўмлик товар сотилган бўлиб, бу ярмарка савдоларида тузилган барча битимларнинг 33% га тенг.
Товарларнинг сотилиши бўйича етакчи ўринни анъанавий равишда 79% улуш билан биржанинг Тошкент филиали эгаллади. Жиззах филиали томонидан 2,2 млрд сўмлик битимлар тузилди. Учинчи ўринга 1,3 млрд сўмлик натижа билан Бухоро филиали эришди.
Сотилган товарлар таркибида биринчи ўринни қора ва рангли металл маҳсулотлари эгаллаб, уларнинг сотилиш ҳажми 11,4 млрд сўм ва улуши 45% ни ташкил этди. Кейинги ўринни кимё саноати маҳсулотлари – 30,5% ва қурилиш маҳсулотлари – 5,8% билан эгаллаган.
Авторақамлар бўйича онлайн аукцион
Ўтган ҳафта мобайнида биржанинг онлайн аукционлари орқали 49 та автомобиль рақам белгилари сотилди. Булардан 36 таси жисмоний шахсларга, 13 таси юридик шахсларга сотилди. Сотилган давлат рақам белгиларининг умумий суммаси 766 млн сўмни ташкил қилди.
Рақобатли савдолар натижасида битимларнинг 65% олий тоифадаги авторақамларга, 20% битимлар 2 тоифа авторақамлар ва 14% битимлар 3-тоифа авторақамлар бўйича тузилган.
Харидорлар таркибида етакчиликни Тошкент ва Тошкент вилоятининг автоҳаваскорлари эгаллади ва уларнинг тузилган битимлар сонидаги улуши 39% га етди. Кейинги ўринда 12% билан Фарғона вилояти эгаллади. Учинчи ўринда эса Самарқанд вилояти харидорлари 8% билан эгалладилар.
Источник : "ЎзРТХБ" АЖ Матбуот хизмати
Курилди: 8361