UZEX ўзбек биржасининг делегацияси Қозоғистонга ташриф буюрди | Новости

27 Апр 2018
Жорий йилнинг 23-26 апрель кунлари Ўзбекистон Республика товар-хомашё биржасининг делегацияси “ЎзРТХБ” АЖ ва “ЕСТ” товар биржаси” АЖ билан имзоланган ҳамкорлик келишуви доирасида Қозоғистонда хизмат сафарида бўлди.
 
Делегация таркибига Истиқболли ривожлантириш бўйича директор Азиз Абдуғаниев, Ҳисоб-китоб-клиринг палатасининг бошлиғи Николай Давиденко, Ахборот технологияларни ривожлантириш бўлимининг бошлиғи Беҳзод Деҳқонов кирди. Ташрифдан кўзланган асосий мақсад бу аввал имзоланган ҳамкорлик келишувини амалда татбиқ этиш масалаларини муҳокама қилишдан иборат бўлди.
 
Ташриф чоғида ЎзРТХБ вакиллари ЕСТнинг савдо инфратузилмаси, биржа савдолари механизми ва ҳисоб-китоб-клиринг хизмат кўрсатиш тизими билан танишиб чиқдилар. Шунингдек, меҳмонларга Қозоғистон Республикасида тижорат сегментининг электрон харидларини катта қисмини қамраб олган ЕСТ-Тендер тизими ҳам намойиш этилди.
 
Шу билан биргаликда, савдо тизимлари ўзаро интеграциялашувини амалга ошириш босқичлари ва дастлабки биржа савдоларини ҳамкорликда ўтказишга тайёргарлик кўриш масалалари кўриб чиқилди. Хусусан, ишчи гуруҳининг аъзолари томонидан Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг биржадан ташқари бозорларида экспорт-импорт шартномаларини тузиш амалиёти ўрганиб чиқилди, ҳамда ЎзРТХБ ва ЕСТда биржа келишувларни имзолаш регламентининг лойиҳаси муҳокама қилинди. Бундан ташқари, ЎзРТХБнинг Ҳисоб-китоб-клиринг Палатаси ва ЕСТ Клиринг ташкилоти – “ЕСТ Клиринг маркази” МЧЖ орқали ўзаро ҳисоб-китобларни ўтказиш механизми бўйича дастлабки келишувларга эришилди.
 
Учрашувда таъкидлаб ўтилганидек, клиринг хизматидан фойдаланиш шартнома мажбуриятларини бажарилишини кафолатловчи самарали услуб ҳисобланиб, ушбу тизим товарларни экспорт ва импорт қилишда келиб чиқадиган хатарларни сезиларли даражада камайтиради.
 
Ташрифнинг якуни бўйича эришилган келишувларга мувофиқ, ЎзРТХБ ЕСТ билан ҳамкорликда 2018 йилнинг иккинчи чораги давомида ЕСТ биржа инфратузилмаси ва ЕСТ-Тендер электрон савдо майдони имкониятларидан фойдаланган ҳолда маҳаллий маҳсулотларни Қозоғистон бозорларига олиб чиқиш бўйича тадбирларни ўтказади.
 
Эслатиб ўтамиз, 2018 йил 29 март куни “ЎзРТХБ” АЖ ва “ЕСТ” товар биржаси” АЖ ўртасида ҳамкорлик қилиш бўйича келишув имзоланган. Мазкур келишувга кўра, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида экспорт-импорт биржа савдолари ташкил этилади.
 
Маълумот учун: ЕСТ биржаси Қозоғистоннинг товар-хомашё биржаси бозорининг етакчиси ҳисобланади. 2017 йил якунига кўра, ЕСТ биржасининг айланмаси 171 млрд. тенге ёки 524,5 миллион доллар (1 доллар/326 тенге) ни ташкил этди. ЕСТ биржаси Қозоғистонда замонавий ҳисоб-китоб-клиринг тизимига эга тўлақонли автоматлаштирилган ягона электрон биржа ҳисобланади.
 

Источник : "ЎзРТХБ" АЖ Матбуот хизмати

Курилди: 8002