16-22 апрель даври учун ЎзРТХБ савдо натижалари | Новости

24 Апр 2018

Жорий йилнинг 16 апрелдан 22 апрелигача бўлган давр мобайнида “ЎзРТХБ” АЖ да 570,1 млрд сўмлик битимлар тузилиб, аввалги ҳафтага нисбатан 10,5% га пасайди.

Биржа савдолари

Кўриб чиқилаётган даврда биржа савдоларининг ҳажми 587,3 млрд сўмдан 548,2 млрд сўмга тушди. Сотувлар бўйича қурилиш моллари биринчи ўринни 33% билан эгаллаб турибди. Иккинчи ўринда кимё маҳсулотларида бўлиб, биржа бозорининг 16% ни эгаллади. Кейинги ўринда нефть маҳсулотлари жойлашган бўлиб, унинг улуши 11,1% ни ташкил қилади.

Валюта савдо майдончаси орқали 1,5 млн АҚШ долларлик маҳаллий маҳсулотлар сотилди. Шу жумладан, рангли металл улуши 74%, пахта толаси 15%, полиэтилен 5%, саноат мойи 6% ни ташкил этди.

Ўтган ҳафтада биржанинг Листинг комиссияси томонидан нефть маҳсулотлари, минерал ўғитлар, қурилиш моллари ва бошқа товарлар бўйича 99 та стандарт биржа шартномалари очилди.

Кўргазма-ярмарка савдолари

Кўргазма-ярмарка савдоларининг ҳажми аввалги ҳафтага нисбатан икки маротабага тушиб, 21,9 млрд сўмни ташкил этди. Тадбиркорлик субъектлари томонидан 11,3 млрд сўмлик товар сотилган бўлиб, бу ярмарка савдоларида тузилган барча битимларнинг 51,8% ни ташкил этади.

Товарларнинг сотилиши бўйича етакчи ўринни анъанавий равишда 88,5% билан биржанинг Тошкент филиали эгаллади. Наманган филиали томонидан 605 млн сўмлик битимлар тузилди. Учинчи ўринга 488 млн сўмлик натижа билан Бухоро филиали эришди.

Сотилган товарлар таркибида биринчи ўринни кимё саноати маҳсулотлари эгаллаб, уларнинг сотилиш улуши 62% ни ташкилэтди. Кейинги ўринни 19% улуш билан рангли ва қора металл эгаллаган.

Авторақамлар бўйича онлайн аукцион

Ўтган ҳафта мобайнида биржанинг онлайн аукционлари орқали 45 та автомобиль рақам белгилари сотилди. Булардан 39 таси жисмоний шахсларга, 6 таси юридик шахсларга сотилди. Сотилган давлат рақам белгиларининг умумий суммаси 554,9 млн сўмни ташкил қилди.

Рақобатли савдолар натижасида битимларнинг деярли 70% олий тоифадаги авторақамларга, 22% битимлар 2 тоифа авторақамлар ва 8% битимлар 3-тоифа авторақамлар бўйича тузилган.

Харидорлар таркибида етакчиликни Қашқадарё ва Фарғона вилояти авто ҳаваскорлари эгаллади ва уларнинг тузилган битимлар сонидаги улуши 20% га етди. Кейинги ўринда Тошкент ва Тошкент вилояти авто ҳаваскорлари 15% улуш билан жойлашди. Учинчи ўриндаги Андижон ва Самарқанд вилоятлари ҳар бирининг улуши 11% дан ташкил этди. Қолган барча ҳудудларнинг улуши 23% ни ташкил этди.

 

Источник : "ЎзРТХБ" АЖ Матбуот хизмати

Курилди: 8711