20 апрель куни “ЎзРТХБ” АЖ нинг марказий биносида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги билан ҳамкорликда давлат харидлари бўйича семинар ташкил этилди. Мазкур тадбирни ўтказишдан кўзланган мақсад Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунининг мазмун ва моҳияти ҳақида тушунча беришдир.
Тадбирда электрон давлат харидларини потенциал етказиб берувчилар бўлган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳаси вакиллари иштирок этдилар.
Семинарда давлат харидлари соҳасида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги вакиллик органи эканлиги таъкидланди. Агентлик давлат харидлари соҳасида давлат сиёсатини олиб боради, шунингдек, давлат харидларининг шаффофлиги ва очиқлигини таъминлашга имкон берувчи махсус ахборот портал операторини белгилаб беради. Порталга давлат харидлари бўйича барча эълонлар жойлаштирилади ва электрон дўкон ҳамда бошланғич нархнинг пасайиб боришига йўналтирилган аукцион амалга оширилади.
Янги қонунни муҳокама қилиш чоғида давлат харидлари бўйича яратилган электрон савдо тизимининг демо, яъни синов дастури тақдим этилди. Синов тариқасида етказиб берувчиларни аккредитация қилиш жараёни, электрон дўконга талабнома жойлаштириш методикаси ва бошланғич нархнинг пасайиб боришига йўналтирилган аукционда иштирок этиш тартиби намойиш этилди. Шартнома мажбуриятларини ижро этиш бўйича кафолатни таъминлаш ва харидларни амалга оширувчи иштирокчилар ўртасидаги ҳисоб-китобни олиб бориш соҳасига киритилган янгиликлар батафсил ўрганиб чиқилди.
Янги механизмни ишлаб чиқиш жараёнида давлат харидларини етказиб берувчилар ҳамда буюртмачиларга имкон борича қулайликлар яратишга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, улар қоғоз форматдаги келишувларни имзолашни талаб қилмайдиган электрон рақамли имзо ёрдамида электрон харидларда иштирок этишлари мумкин. Ғолибни аниқлаш ҳам инсон омилининг аралашувисиз автоматик тизим асосида амалга оширилади.
Жонли муҳокама жараёнида тадбиркорлар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоб олдилар. Семинар якунида биржада ҳар иш кунининг охирида очиқ эшиклар кунини ўтказишга келишиб олинди.
Источник : "ЎзРТХБ" АЖ Матбуот хизмати
Курилди: 13347