2018 йилнинг 5 мартидан 7 мартигача “ЎзРТХБ” АЖ марказий биносида «Расчетно-депозитарная компания» АЖ (Россия Федерацияси) муддатли бозорларда клиринг операцияларини бошқариш бошқармасининг бошлиғи - Ахмадишин Артур Равилевич томонидан ўқув машғулотлари ўтказилди. Мазкур семинар-тренинг муддатли бозорни шакллантириш ва ривожлантириш бўйича чет эл амалиётини ўрганиш мақсадида тор доирадаги мутахассислар учун ташкиллаштирилди.
Яъни семинарларда биржанинг раҳбарлари, мутахассислари ва брокерлик идораларининг трейдерлари, ҳамда Иқтисодиёт вазирлиги, Давлат рақобат қўмитаси ва “Трастбанк” ХАБ вакиллари иштирок этдилар.
Ўқув дастурига фьючерс бозорининг асосий тушунчалари ва ишлаш механизми, савдо иштирокчиларига қўйилган талаблар, муддатли бозорларда клиринг хизматини ташкиллаштириш бўйича «Расчетно-депозитарная компания» АЖ нинг тажрибасига доир маърузалар, ҳамда фьючерс савдолари механизмини Ўзбекистонда жорий қилиш истиқболларини муҳокамаси киритилган.
Ташрифнинг биринчи кунида Артур Ахмадишин “ЎзРТХБ” АЖ фаолияти, шу жумладан биржа савдолари ва клиринг хизмат кўрсатиш механизмлари билан танишиб чиқди. Семинарда товар сегментларида қўлланиладиган фьючерс бозорининг турлари ва афзалликлари, Марказий контрагентнинг фаолияти ва профессионал савдо иштирокчиларининг функциялари намойиш этилди. Хусусан, ишлаб чиқарувчилар, брокерлар, маркет-мейкерлар ва хежерларнинг фьючерс савдоларида иштирок этиш масалалари бўйича алоҳида кейслар ўрганиб чиқилди.
Семинарнинг навбатдаги кунида тингловчилар фьючерс бозорининг инфратузилмаси, савдоларни ўтказиш тартиблари, хатарлар менежментининг ўзига хос хусусиятлари, бозор нархларининг шаклланиш механизми, ҳамда биржада хатарлар ва нархлар ўзгаришини хежирлаш ҳақида батафсил маълумот олдилар. Шунингдек бозорларда очилган позицияларни ёпиш ва битимлар ижросини кафолатлаш масалалари ҳам алоҳида кўриб чиқилди. Берилган маълумотларни осон ўзлаштирилиши мақсадида маърузалар суҳбат кўринишда ўтказилди.
Машғулотлар якунида семинарлар бўйича натижалар умумлаштирилди ва Ўзбекистон товар биржаларида фьючерс шартномаларини жорий этиш истиқболлари муҳокама қилинди. Семинар иштирокчилари мазкур машғулотлар ўтказилиши муҳимлиги таъкидлаб, келажакда шу каби тадбирларни мунтазам равишда ташкиллаштирилиш истагини билдирдилар.
Источник : "ЎзРТХБ" АЖ Матбуот хизмати
Курилди: 9050