Ўзбекистон Республикасида экспорт ҳажмини ошириш ва экспорт-импорт операцияларини соддалаштириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва иқтисодиёт тармоқларини талаб юқори бўлган маҳсулот ва хом ашё турлари билан барқарор таъминлаш бўйича қабул қилинаётган чора-тадбирларга мувофиқ, ҳамда Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ўртасида ўзаро манфаатли иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида “ЎзРТХБ” АЖ 2018 йилнинг 29 март куни Қозоғистон биржа товар бозорининг етакчиси – “ЕТС” Товар биржаси” АЖ ва Европанинг етакчи биржаларидан бири – Москва Биржаси ОАЖ (Россия) билан биргаликда бизнес учрашувини ташкил қилди.
Мазкур учрашувда МДҲ давлатлари Халқаро биржалар ассоциацияси (кейинги ўринларда – МДҲ ХБА) ижроия директори ва Ўзбекистон Республикасида биржа фаолиятини лицензияловчи орган, яъни Ўзбекистон Республикаси Давлат рақобат қўмитасининг вакиллари ҳам иштирок этдилар.
Юқорида кўрсатилган биржалар раҳбарлари билан ўтказилган учрашувдан кўзланган мақсад бу меҳмонларни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан биржа савдолари ва экспорт механизмини такомиллаштириш бўйича қабул қилинган Қарорлари ва Фармонлари билан таништириш (Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 январдаги № ПФ-5303 сонли “Мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини янада таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 28 февралдаги № ПҚ-3479 сонли “Мамлакат иқтисодиётининг тармоқларини талаб юқори бўлган маҳсулот ва хом ашё турлари билан барқарор таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 28 февралдаги №ПҚ-3574 сонли "Пахта хом ашёси ва бошоқли дон етиштиришни молиялаштириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўрисида" ги Қарори), ҳамда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида экспорт-импорт йўналишда биржа савдоларини ташкиллаштириш, ўзаро алоқалар ўрнатиш ва биржа савдоларини ва ҳисоб-китоб клиринг хизматларини амалга ошириш жараёнида ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва рағбатлантиришни инобатга олувчи ўзаро келишувни имзолашдан иборат.
Шунингдек, Қозоғистон ва Ўзбекистон йирик товар биржалари ўзаро алоқалари масаласига бағишланган учрашув давомида қуйидаги йўналишлар бўйича масалалар муҳокама қилинди:
- “ЎзРТХБ” АЖ ва “ЕТС” Товар биржаси” АЖ товар бозорлари иштирокчилари ўртасидаги биржа савдо механизмини ишлаб чиқиш ва ташкиллаштириш;
- “ЕТС” Товар биржаси” АЖ орқали Қозоғистон Республикасига маҳаллий маҳсулотлар экспортини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси тайер маҳсулот ишлаб чиқарувчи ташкилотларни биржа савдоларига жалб қилиш;
- Цемент, бошқа қурилиш моллари, кўмир маҳсулотлари ва Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган истеъмол маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи Қозоғистон Республикаси компанияларини биржа савдоларига жалб қилиш;
- Маҳаллий маҳсулот ишлаб чиқарувчиларининг экспорт ҳажмини ошириш мақсадида Қозоғистон Республикасида “ЎзРТХБ” АЖ савдо майдончаларини очиш имкониятларини ўрганиб чиқиш.
Имзоланган келишув икки томон биржа вакилларидан иборат тегишли ишчи гуруҳини ташкил қилиш, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида экспорт-импорт биржа савдоларини амалга ошириш учун товарлар рўйхатини аниқлаш, ҳамда синов биржа савдоларини амалга ошириш муддатларини белгилайди.
Келишув имзолагандан сўнг “ЎзРТХБ” АЖ вакиллари меҳмонларни биржа фаолияти ва унинг техник инфратузилмаси билан, ҳамда “ЎзРТХБ” АЖ келажак йиллар учун белгиланган ривожланиш истиқболлари билан таништирдилар. Бундан ташқари, учрашув иштирокчиларига ўзбек маҳсулотларининг биржалар орқали экспорт қилиш ва хорижий корхоналарни “ЎзРТХБ” АЖ да аккредитациядан ўтказиш, шунингдек истеъмол маҳсулотларининг электрон харидларини амалга ошириш механизмлари намойиш этилди.
Москва Биржаси ОАЖ билан биргаликда биржа фьючерс бозорларини ташкиллаштириш бўйича тажриба алмашиш, шу жумладан биржа товарлари бўйича фьючерс шартномалари савдосини амалга ошириш механизмини ўрганиш масаласи муҳокама қилинди.
Шунингдек, “ЎзРТХБ” АЖ 2004 йилдан бери аъзо бўлган МДҲ давлатлари ХБА Ижроия директори билан музокара олиб борилди. Учрашув давомида МДҲ давлатларининг бошқа биржалари билан ўзаро ҳамкорлик ва тажриба алмашинуви масалалари, шу жумладан табиий газни биржа савдолари орқали сотиш механизмини ўрганиш ва савдо иштирокчилари (контрагентлар) ўртасида ўзаро ҳисоб-китобларни ўтказишнинг ўзига хос хусусиятлари кўриб чиқилди.
Ташриф якунида ҳамкорликнинг асосий йўналишлари белгилаб олинди ва “ЎзРТХБ” АЖ ва “ЕТС” Товар биржаси” АЖ орасидаги ҳамкорлик келишуви имзоланди ҳамда ушбу келишувни ижро этиш бўйича чора-тадбирлар режаси тайёрланди.
Источник : "ЎзРТХБ" АЖ Матбуот хизмати
Курилди: 12326