Биржада сотилган авторақамларнинг ҳафталик ҳажми 900 млн сўмдан ошди | Новости

24 Мар 2018

Жорий йилнинг 12 мартдан 18 мартигача бўлган давр мобайнида “ЎзРТХБ” АЖ да 798,7 млрд сўмлик битимлар тузилиб, аввалги ҳафтага нисбатан деярли 43% га ўсди. Сотув ҳажмларининг ўсиши биржанинг барча савдо платформаларида қайд этилди.

Биржа савдолари

Кўриб чиқилаётган даврда биржа савдоларининг ҳажми 526,6 млрд сўмдан 702,3 млрд сўмгача ошди. Сотувлар бўйича қурилиш моллари иккинчи ўринни 24,9% билан эгаллаб турибди. Еткачилик кимё маҳслотларида бўлиб, биржа бозорининг 25,6% ни эгаллади. Кейинги ўринда 13% улуш билан рангли металлар жойлашди.

Валюта савдо майдончасида қарийиб 1,9 млн АҚШ долларлик пахта толаси, полиэтилен, алюминий, техник мойлар сотилди. Бунда пахта толасининг биржа экспорт бозоридаги улуши 57%, полиэтиленики 19% ни ташкил қилди.

Ўтган ҳафтада биржанинг Листинг комиссияси томонидан нефть маҳсулотлари, пахта момиғи, қурилиш материаллари ва бошқа товарлар бўйича 310 та стандарт биржа шартномалари очилди.

 

Кўргазма-ярмарка савдолари

Ўтган ҳафтада кўргазма-ярмарка савдолари тизимида 48,2 млрд сўмлик 1011 та битим тузилди. Аввалги ҳафтага нисбатан савдо ҳажмлари ўсиши 55,4% ни ташкил этди. Тадбиркорлик субъектлари томонидан 26 млрд сўмлик товар сотилган бўлиб, бу ярмарка савдоларида тузилган барча битимларнинг 54% ни ташкил этади.

Товарларнинг сотилиши бўйича етакчи ўринни анъанавий равишда 56,6% билан биржанинг Тошкент филиали эгаллади. Наманган филиали томонидан 15,7 млрд сўмлик битимлар тузилди. Учинчи ўринга 1,7 млрд сўмлик натижа билан Бухоро филиали эришди.

Сотилган товарлар таркибида биринчи ўринни кимё саноати маҳсулотлари эгаллаб, уларнинг сотилиш ҳажми 28,5 млрд сўм ва улуши 59,1% ни ташкил этди. Кейинги ўринларни қора ва рангли металлар – 23,7% ва полимерлар, пластмасса ва улардан тайёрланадиган маҳсулотлар – 4,6% билан эгаллаган.

Авторақамлар бўйича онлайн аукцион

Ўтган ҳафта мобайнида биржанинг онлайн аукционлари орқали 71 та автомобиль рақам белгилари сотилди. Булардан 56 таси жисмоний шахсларга, 15 таси юридик шахсларга сотилди. Сотилган давлат рақам белгиларининг умумий суммаси 943 млн сўмни ташкил қилди.

Рақобатли савдолар натижасида битимларнинг деярли 61% олий тоифадаги авторақамларга, 24% битимлар 2 тоифа авторақамлар ва 15% битимлар 3-тоифа авторақамлар бўйича тузилган.

Харидорлар таркибида етакчиликни Самарқанд автоҳаваскорлари эгаллади ва уларнинг тузилган битимлар сонидаги улуши 29% га етди. Кейинги ўринни Тошкент ва Тошкент вилояти – 17%, учинчи ўринда эса Фарғона ва Наманган вилоятлари харидорлари мос равишда 14% ва 13% улуш билан эгалладилар. Қолган вилоятларнинг умумий улушлари 27% ни ташкил этди.

Манбаа : "ЎзРТХБ" АЖ Матбуот хизмати

Кўрилди: 12935