Ургенчда товар бозорлари бўйича минтақавий семинар ўтказилди | Новости

15 Мар 2018
Жорий йилнинг 13-14 март кунлари Ургенчда “Товар бозорларини либераллаштириш – фаол тадбиркорликни ривожлантириш, инновацион ғоялар ва технологияларни жорий этишни қўллаб-қувватлашнинг бош омили” мавзусида семинар ўтказилди. Семинарнинг асосий мақсади тадбиркорлар, табиий монополия субъектлари, жойлардаги ҳокимият ва бошқарув органлари вакиллари билан товар бозорларини либераллаштиришнинг замонавий тенденцияларини муҳокама қилишдан иборат бўлди.
 
Семинар Давлат рақобат қўмитаси ҳузуридаги Хусусийлаштириш, рақобатни ривожлантириш ва корпоратив бошқарув муаммолари тадқиқотлари маркази, Хоразм вилояти ҳокимияти, “ЎзРТХБ” АЖ ва Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги билан ҳамкорликда ўтказилди. Тадбир ўқув маърузалари, ҳамда семинар иштирокчилари орасида очиқ мулоқот шаклида ўтказилди.
Тадбир давомида “ЎзРТХБ” АЖ мутахассислари томонидан биржа фаолиятидаги янгиликлар, тадбиркорларга кўмаклашиш мақсадида жорий қилинган инновацион лойиҳаларга бағишланган амалий машғулотлар ўтказилди. Хусусан, семинар иштирокчиларига биржа савдоларининг тартиби, электрон савдоларда ва онлайн аукционларда қатнашиш тартиби батафсил тушунтирилди, ҳамда брокерлик идоралари ва савдо майдончалари фаолияти кенг ёритиб берилди.
 
Товар бозорларини либераллаштириш ва ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарорлари ва Фармонлари, ҳамда бошқа ҳукумат қарорлари алоҳида кўриб чиқилди. Шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 1 январдаги №ПҚ-3386 сонли Қарорига мувофиқ Ўзбекистон монопол ташкилотлари босқичма-босқич 27 номдаги юқори ликвидли маҳсулотларни очиқ биржа савдолари орқали сотишни бошлади.
 
Нархларни асоссиз ошишини олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти 2018 йил 17 январдаги №ПҚ-3479 сонли “Мамлакат иқтисодиётининг тармоқларини талаб юқори бўлган маҳсулот ва хом ашё турлари билан барқарор таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги” Қарори билан биржа савдолари орқали алоҳида турдаги маҳсулотларни сотиш тартиби белгиланди. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 январидаги №ПФ-5303 сонли “Мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини янада таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги” Фармонига кўра, истеъмол маҳсулотларини, шу жумладан, республика товар-хомашё биржалари орқали сотиш (сотиб олиш)га тақиқ бекор қилинди.
Семинарда қайд этилганидек, “ЎзРТХБ” АЖ бир вақтнинг ўзида IT-компания сифатида ўз фаолиятида ахборот-коммуникацион технологияларни кенг жорий қилишга алоҳида урғу беради. Бунда биржа мижозлари-бизнес вакилларига қулайликлар яратувчи интерактив хизматлар муҳим аҳамиятни касб этади. Шу жумладан Call-марказ, онлайн-маслаҳат, мижоз шахсий кабинети, видеоқўлланмалар ва тўлдириш шакллари каби хизматлардан кенг фойдаланилади. Бундан ташқари биржанинг вебсайтида аноним сўровномалар мавжуд бўлиб, улар биржа фаолиятидаги камчиликлар ҳақида фикр қолдириш имконини беради.
 
Шу билан бирга, кўрсатилаётган хизматларни кенгайтириш ва янги йўналишларни ўзлаштириш бўйича биржанинг истиқболдаги лойиҳалари муҳокама қилинди. Машғулотлар якунида семинар қатнашувчилари ўзларини қизиқтирган саволларига батафсил жавоб олдилар. Шунга ўхшаш семинарлар республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам ўтказиши режалаштирилган.
 

Источник : "ЎзРТХБ" АЖ Матбуот хизмати

Курилди: 8094