Сирдарё вилоятида фермерлар билан учрашув ўтказилди | Новости

08 Фев 2018
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 ноябридаги “Ёқилғи-энергетика ресурслари ҳамда бошқа юқори ликвидли маҳсулотлар билан таъминлаш борасида рақобат муҳитини такомиллаштириш, суиистеъмолчиликлар ва талон-тарожликлар шароитини тугатиш, тўлов интизомини мустаҳкамлаш, дебиторлик ва кредиторлик қарзларини камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги №ПҚ-3386 сонли Қарори ижросини таъминлаш мақсадида “ЎзРТХБ” АЖ томонидан барча савдо иштирокчилари, шу жумладан фермер хўжаликлари учун мунтазам равишда ўқув семинарлари ўтказилмоқда.
 
2018 йилнинг 6 февралида Сирдарё вилояти ҳокимияти биносида фермер хўжаликлари учун навбатдаги ўқув семинари ўтказилди. Ушбу семинар Сирдарё вилояти ҳокимлиги “ЎзРТХБ” АЖ билан ҳамкорликда ташкиллаштирилди, ҳамда тадбир вилоятнинг барча фермерлари ва туман ҳокимлари иштирокида видеоселектор кўринишида ва очиқ мулоқот тарзда ўтказилди. Йиғилишда, шунингдек, Давлат рақобат қўмитаси, «Агрокимёхимоя» АЖ, «Агробанк» АТБ ва «Максам Чирчиқ» АЖ раҳбарлари ва ходимлари иштирок этди.
 
Учрашувда таъкидлаб ўтилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 ноябридаги №ПҚ-3386 сонли Қарорига мувофиқ, 27 хил турдаги юқори ликвидли маҳсулотлар, шу жумладан минерал ўғитларни очиқ биржа савдолари орқали сотилиши босқичма-босқич амалга оширилмоқда.
 
Шу муносабат билан, фермерлар биржа савдолари ҳақида чуқурроқ маълумотга эга бўлишлари мақсадида республикамизнинг ҳар бир ҳудудида ўқув семинарлар ўтказилмоқда. Мазкур семинарлар бир вақтнинг ўзида мавжуд камчиликларни аниқлаш ва уларни биргаликда бартараф этиш йўлларини ишлаб чиқиш имконини бермоқда. Умуман олганда мазкур янгилик қишлоқ хўжалиги соҳасида бозор механизмларни жорий этиш ва хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида шартномавий интизомни оширишга кўмак беради.
 
Биржа савдолари механизми бўйича ўтказилган тақдимот мобайнида семинар қатнашчиларига биржа савдолари қоидалари, савдо иштирокчиларини аккредитация қилиш ва мижозларга брокер идоралари томонидан хизмат кўрсатилиши тартиблари, ҳамда вилоят туманларида жойлашган савдо майдончаларининг иш фаолиятлари батафсил тушунтирилди.
 
Тадбирда, шунингдек, биржа ҳисоб-китоб клиринг палатаси орқали амалга ошадиган ҳисоб-китоблар бўйича масалалар кўриб чиқилди. Бунда, “ЎзРТХБ” АЖ биржа савдолари платформасида мажбуриятларни кафолатлаш механизми қўлланилиб, ушбу механизм сотувчи ва харидорлар ўзларининг ҲККП даги иккиламчи ҳисоб рақамларига кафолат тўловларини киритишини назарда тутади. Шартномадаги мажбуриятлар бажарилмаган тақдирда, сотувчи ёки харидорнинг иккиламчи ҳисоб рақамидаги закалат маблағи ҳисобидан жабрланувчи фойдасига жарима сифатида ўтказилади.
 
Маърузачиларнинг чиқишлари давомида фермерлар, ҳокимлар ва соҳа мутахассисларининг иштирокида савол-жавоблар ва ўзаро фикр алмашинуви бўлиб ўтди. Ўз навбатида, келиб тушган барча фикр-мулоҳазалар ва таклифлар “ЎзРТХБ” АЖ томонидан қабул қилинди, ҳамда биржа савдоларини ташкиллаштириш ва савдо механизмини янада такомиллаштиришда уларни инобатга олинишини таъкидлаб ўтилди.
 
Йиғилиш якунида фермерлар томонидан биржа технологияларини ўзлаштиришда ёрдам бериш мақсадида “ЎзРТХБ” АЖ томонидан “Ахборот маркази” ташкил этилганлиги алоҳида қайд этилди. Фермерлар ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича тузилган янги хизмат кеча-кундуз тартибида, дам олиш кунларисиз (+998971) 213-33-30, 200-11-62 ёки 11-62 телефон рақамлари орқали ишлайди.
 

Источник : "ЎзРТХБ" АЖ Матбуот хизмати

Курилди: 9159