Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 17 январидаги №ПҚ-3479 сонли “Мамлакат иқтисодиётининг тармоқларини талаб юқори бўлган маҳсулот ва хом ашё турлари билан барқарор таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ “ЎзРТХБ” АЖ ички биржа савдоларида алоҳида турдаги импорт қилинган маҳсулотлар миллий валютада сотилмоқда.
Шу жумладан жорий йилнинг бошидан буён биржа котировкалаш варағига импорт қилинган қурилиш ойнасини сотиш учун 28 та янги стандарт биржа шартномалари очилди. Бу шартномалар бўйича сотувчилар сифатида маҳаллий корхоналар иштирок этмоқда.
Трейдерларнинг фикрига кўра, биржада янги иштирокчиларнинг пайдо бўлиши бозор конъюнктурасига ўз ижобий таъсирини ўтказмоқда. Хусусан, жорий йилнинг бошидан то 22 февраль кунига қадар қурилиш ойнасининг котировкаси 21% га пасайди, яъни максимал даража бир кв.м учун 37,1 минг сўмдан 29,1 минг сўмгача тушди.
Нархларининг пасайиши “Кварц” АЖ томонидан биржа савдоларига қурилиш ойнаси қўйилиш ҳажми 21% га камайганлигига қарамасдан кузатилмоқда. Шу билан бирга биржанинг қурилиш ойнаси бозорида “Кварц” АЖнинг улуши ҳам ўтган йилнинг мос даврга нисбатан 4% га камайди ва 96% ни ташкил этди. Бошқа сотувчиларнинг сотиш ҳажмлари 34,0 минг кв.м дан ошди.
Бундан ташқари, қурилиш бозорлари тенденцияси бўйича ўтказилган солиштирма таҳлил шуни кўрсатдики, ўтган йилнинг январь-февраль ойларида қурилиш ойнаси учун шаклланган биржа нархлари 39% га ошган, яъни бир кв.м учун 21 минг сўмдан 29,3 минг сўмгача кўтарилди.
Маҳсулот учун таклифнинг диверсификациялашуви бозор механизми сифатида биржа бозорининг бошқа сегментларида шаклланаётган нархларнинг ҳам барқарорлашувига кўмак бермоқда. Импорт қилинган қурилиш ойнаси бўйича очилган биржа шартномаларининг спецификацияси билан биржанинг uzex.uz вебсайтида котировкалаш варағи бўлими орқали батафсилроқ билиб олишингиз мумкин.
Источник : "ЎзРТХБ" АЖ Матбуот хизмати
Курилди: 12045