2018 йилнинг 13 февралида Электрон Оммавий Ахборот Воситалари Миллий Ассоциацияси (ЭОАВМА) нинг медиа-холлида “Оммавий ахборот воситалари халқнинг энг яқин кўмакчиси ва демократия кўзгуси” мавзусида анжуман ўтказилди. Тадбир ташкилотлари сифатида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ва Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси қатнашди.
Шунингдек тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, Журналистлар ижодий уюшмаси қошидаги ижодий кенгашлар аъзолари, ОАВ вакиллари, Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика ҳамда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг халқаро журналистика факультетлари профессор-ўқитувчилари, талабалар иштирок этди.
Конференция Президент Ш.М. Мирзиёевнинг Ўзбекистон Конституциясининг 25 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузаси ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатномасида белгиланган вазифалар, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури ижросини таъминлаш юзасидан журналистика соҳасида амалга оширилиши лозим бўлган ишларга бағишланди.
Тадбирда қайд этилганидек, мамлакатимизда маданий-гуманитар соҳаларни ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган маданият ва санъат муассасалари ҳамда йирик компания ва банклар ҳамкорлигидаги “Дўстлар клублари” ижодий тузилмалар, жумладан Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштиришда муҳим омил бўлмоқда.
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ва Ўзбекистон республика товар хомашё биржаси ўртасида имзоланган ўзаро келишув битимига мувофиқ республикамизни 50 нафар кекса ва эҳтиёжманд журналистларга моддий ёрдам кўрсатилди, журналистлар учрашувлари ва бир қатор бошқа тадбирлар ўтказилди. Шу жумладан, биржанинг молиявий ёрдами асосида “Чимён” сиҳатгоҳида мамлакатимизнинг турли ҳудудларида фаолият олиб борувчи 110 нафар журналистлар иштирокида ўтган “Ҳаракатлар стратегияси: ислоҳотлар жараёни ва ОАВ” медиалагери ўтказилди. Иштирокчилар бир хафта давомида юртимизда амалга оширилаётган янгиланишлар жараёни, уларнинг миллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларида акс этиши, долзарб мавзулардаги танқидий-таҳлилий материаллар, миллий журналистика истиқболи ҳақида ўзаро фикр алмашдилар, ижодий тажрибаларини баҳам кўрдилар. Айни пайтда улар сиҳатгоҳда дам олиб, саломатликларини ҳам тикладилар.
“Дўстлар клуби” шунингдек, уюшманинг ҳудудий бўлимлари моддий-техник аҳволини яхшилаш борасида ҳам фаол иш олиб бориб, улар учун зарур бўлган жиҳоз ва компьютер технологиялари билан таъминланди. Кейинчалик ҳам журналистлар малакасини ошириш, соҳа фахрийлари ва эҳтиёжманд ходимларга ёрдам кўрсатиш, ёш журналистларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг илк китобларини чоп этишга кўмаклашиш ва бошқа қатор чора-тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ва Ўзбекистон республика товар хомашё биржаси “Дўстлар клуби” нинг вебсайти www.jurnalistlarklubi.uz (www.uzjk.uz) ни тақдимоти ўтказилди. Янги вебсайтни жорий этишдан кўзланган асосий мақсадлар бу “Дўстлар клуби” доирасида журналистларни бирлаштириш, соҳада мавжуд бўлган долзарб масалаларни муҳокама қилиш, клуб фаолияти, ҳамда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ва Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси ўртасидаги ҳамкорлик натижаларини кенг ёритишдан иборатдир.
Тадбир якунида иштирокчилар ўртасида мавзуга доир қизғин фикр алмашинуви бўлиб ўтди, ҳамда ҳарбий ватанпарварлик мавзусида фаол ижод қилиб келаётган бир қатор журналистлар тақдирланди.
Источник : "ЎзРТХБ" АЖ Матбуот хизмати
Курилди: 12355