“ЎзРТХБ” АЖ мутахассислари Истамбулда амалиёт ўтаб келишди | Новости

12 Фев 2018
Жорий йилнинг январь охирларида, томонлар келишувига асосан, “ЎзРТХБ” АЖ мутахассислари Туркиянинг Истамбул фонд биржасида (Borsa Istanbul) амалиёт ўтаб келишди. Ўқув семинарлар ўзбек биржаси учун махсус ишлаб чиқилган дастур асосида ташкиллаштирилди.
 
ЎзРТХБ мутахассисларининг амалиётдан кўзлаган асосий мақсад фундаментал маҳсулот деривативалари бозорини шакллантириш ва ривожлантиришда чет эл тажрибасини ўрганиш бўлди. Ўқув дастур ўз ичига ҳосилавий воситалар бозорининг асослари, Истамбул биржасининг товар фьючерсларининг биржа савдолари тажрибалари каби мавзуларни қамраб олди. 
 
Семинарлар давомида пахта, ғалла ва қимматбаҳо металларнинг муддатли бозори, ҳамда жаҳон стандартларига тўлиқ мос келувчи Borsa Istanbulнинг «Клиринг банка»и фаолияти ўрганилди. Шу билан бирга, клиринг операциялар ва ўзаро ҳисоб-китобларни амалга ошириш қоидалари ва тартиби ҳақидаги тушунчалар берилди.
 
Амалий дарсларда ўзбекистонлик мутахассислар биржа савдолари жараёнини кузатиш, шунингдек савдо сессияларида тест режимида қатнашиш имкониятига  эга бўлдилар. Қайд этиш керакки, Истамбул биржасининг BISTECH операцион савдо платформаси Borsa Istanbul билан американинг NASDAQ биржаси ҳамкорлигида 2017 йилда ташкил топган.
 
Шунингдек, меҳмонлар учун Истамбул биржасининг информацион хизматларини ривожлантириш ва биржа ахборотларини тарқатиш каби маркетинг имкониятлари намойиш этилди.
 
“ЎзРТХБ” АЖ чет элнинг ривожланган биржалари ҳамкорлигида ҳосилавий воситаларни киритишда чет эл тажрибасини ўрганиш ишларини давом эттиради.
 
Маълумот учун: Borsa Istanbul – Туркиянинг ягона фонд биржаси.  2013 йилда Истамбул фонд биржаси (Istanbul Stock Exchange, ISE), Истамбул олтин биржаси (Istanbul Gold Exchange) ва Туркиянинг деривативалар биржасини (Derivatives Exchange of Turkey) бирлаштириш натижасида ягона структурага эга бўлди. 
 

Манбаа : "ЎзРТХБ" АЖ Матбуот хизмати

Кўрилди: 9786