Минерал ўғитларни сотишда бозор механизмини кенг жорий этиш бўйича Ҳукумат қарорлари ва топшириқларини бажариш мақсадида Фарғона вилоятида “ЎзРТХБ” АЖ Фарғона вилоятининг ҳокимияти билан биргаликда фермерлар учун бир нечта ўқув семинарларини ўтказди. Хусусан, биржа савдолари механизмига бағишланган семинарлар Қува, Тошлоқ, Фурқат ва Ўзбекистон туманларида ўтказилди. Тадбирларда Давлатрақобат қўмитаси, «Агрокимёхимоя» АЖ, «Агробанк» АТБ ва «Фарғонаазот» АЖ вакиллари иштирок этишди.
Мазкур учрашувлар давомида фермер хўжаликларига мижозларни электрон биржа савдоларида иштирок этиш қоидалари, шу жумладан уларни биржада аккредитациядан ўтиши ва брокерлик идораси билан шартнома тузиш тартиби тақдимотлар орқали намоён этилди. Семинарлар иштирокчилари аванс тўловларининг суммаси, минерал ўғитларни юклаш ва тўловларни ўтказиш муддатлари тўғрисида батафсил маълумот олдилар. Фарғона вилоятининг ҳар бир туманида жойлашган биржа савдо майдончаларининг жойлашуви ва уларнинг аниқ манзиллари алоҳида кўрсатиб ўтилди.
Шу билан бирга, фермерлар тарқатма маълумотлар орқали минерал ўғитларни биржа савдоларига қўйиш жадвалларини талаб ва таклифга мувофиқ шаклланиш тартибини билиб олдилар. Шунингдек тадбирларда биржанинг ахборот ресурслари ва маслаҳат хизматининг имкониятлари кенг ёритиб берилди. Шу жумладан, мижозлар биржанинг www.uzex.uz расмий вебсайтидаги интерактив хизматлардан ва фермер хўжаликларининг шахсий кабинетидан фойдаланишлари, (+998 71) 213-33-30 телефон рақами орқали Call-марказ хизматига мурожаат қилишлари, ҳамда SMS-хабарнома орқали сўнгги котировкалар билан танишиб чиқишлари мумкин.
Семинарлар якунларида фермерлар қизиқтирган саволларга жавоблар олдилар. Шу каби тадбирлар республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам ўтказилиши режалаштирилган.
Источник : "ЎзРТХБ" АЖ Матбуот хизмати
Курилди: 8810