“ЎзРТХБ” АЖ 2018 йил якуни бўйича танлов ғолибларини аниқлади | Новости

29 Дек 2018

28 декабрь куни Янги йил байрами олдидан “ЎзРТХБ” АЖ Марказий биносининг брокерлар залида 2018 йил якуни бўйича турли йўналишларда ғолиб деб топилган энг яхши брокерлик идоралари, савдо майдончалари ва ҳудудий филиаллар тантанали равишда тақдирланди.

Тадбирни тантанали очилиши “ЎзРТХБ” АЖ раҳбарияти ва ходимлари номидан кириб келаётган Янги 2019 йил билан қутлаш билан бошланди. Таъкидланганидек, 2018 йилда биржа фаолиятини турли йўналишлари бўйича ижобий ютуқлар шу жумладан брокерлар, трейдерлар, савдо майдончалари ва UZEX жамоасининг барча аъзоларини фидокорона меҳнатлари туфайли ҳам эришилди.

Шу муносабат билан уларнинг келгусидаги фаолиятини янада рағбатлантириш мақсадида 2018 йил натижасига кўра турли йўналишлар бўйича якуний рейтинг тузиб чиқилди. Шу билан бирга рейтинг тузишда 20 дан зиёд миқдорий ва сифатли баҳолаш мезони, жумладан, тузилган битимлар сони ва ҳажми, жалб қилинган мижозлар сони, интизомий қоидабузарликлар ёки мижозларларнинг шикоятлари каби мезонлар инобатга олинди.

Тадбирда бутун республика бўйлаб энг яхши натижалар қайд этганларга фахрий ёрлиқлар ва қимматбаҳо совғалар тақдим этилди.

Номинациялар

Ғолиблар

Раҳбарнинг Ф.И.Ш.

Энг яхши савдо майдончаси

ТП 05-421

Лапасов Улуғбек Абдураимович

Энг яхши брокерлик идораси  

БК 38

Ғуломов Шоир Шукурович

Экспорт бўйича энг яхши брокерлик идораси

БК 732

Махмудова Наргиза Қахрамоновна

СПОТ бўйича энг яхши брокерлик идораси

БК 1729

Бафаев Мурат Зарифович

Кўргазма-ярмарка савдолари бўйича энг яхши брокерлик идораси

БК 119

Ғофуров Шерзод Абдурахмонович

Энг яхши аёл брокер

БК 757

Акрамова Дилноза Ниғманходжаевна

2018 йил якуни бўйича “ЎзРТХБ” АЖнинг энг яхши савдо майдончаси йўналишида Жиззах вилоятидаги 05-421-рақамли савдо майдончаси ва унинг директори Лапасов Улуғбек Абдураимович ғолиб, деб топилди. 2018 йилда бу савдо майдончаси биржа платформасида қиймати 195,0 млрд сўмга тенг 6,6 мингдан ортиқ келишувлар имзоланган, 1046 нафар мижозга хизмат кўрсатилган, кўргазма-ярмарка савдолари тизимида қиймати 26,0 млрд сўмга тенг 46 та келишув имзоланиб, 14 мижозга хизмат кўрсатилган.

38-рақамли брокерлик идораси ва унинг раҳбари Ғуломов Шоир Шукурович “ЎзРТХБ” АЖ тизимида республикадаги энг яхши брокерлик идораси, деб топилди. Ўтаётган йил давомида мазкур брокер томонидан 384 та биржа шартномалари имзоланган бўлиб, уларнинг қиймати 422,0 млрд сўмга тенг бўлди. Кўргазма-ярмарка савдолари тизимида эса қиймати 48,0 млрд сўмга тенг 56 та келишув имзоланди. Бундан ташқари, қиймати 19,0 млн АҚШ долларига тенг маҳаллий маҳсулотлар экспорт қилинган. Шуни таъкидлаш керакки, брокерлик идораси томонидан 20 дан зиёд мижозга биржа хизматлари кўрсатилиб, ҳеч қандай интизомий қоидабузарликлар қайд этилмаган.

Биржа аъзоларининг фаолиятини баҳолашда энг муҳим бўлган яна бир жиҳатлардан бири бу – экспорт бўйича тузилган шартномалар қийматидир. Бу борада биринчи ўринни 732-рақамли брокерлик идораси ва унинг раҳбари Маҳмудова Наргиза Қаҳрамоновна қўлга киритди. 2018 йил давомида биржада 109 та экспорт шартномаси имзоланган бўлиб, уларнинг қиймати 20 млн АҚШ долларига тенг бўлди. Бу брокерлик идорасининг асосий экспорт товари пахта толаси бўлган.

Брокерлик идораларининг фаолияти алоҳида савдо платформалари бўйича ҳам баҳоланди. Масалан, Бафаев Мурат Зарифович ва унинг 1729-рақамли брокерлик идораси биржа савдолари – СПОТ бўйича энг яхши брокер, деб топилди. Бутун йил давомида мазкур брокерлик идораси биржа савдоларининг барча тартиб-қоидаларига амал қилган ҳолда 86 мижозга хизмат кўрсатган. Шу билан бирга қиймати 304,0 млрд сўмга тенг 6,1 мингдан ортиқ келишувлар имзоланган.

Электрон тижоратнинг B2B моделини намоён этувчи – кўргазма-ярмарка савдолари платформасида юқори натижаларга эришган 119-рақамли брокерлик идораси ва унинг раҳбари Ғофуров Шерзод Абдураҳмонович тақдирланди. 2018 йилда бу идора КЯС тизимида 17 мижозга хизмат кўрсатилди, қиймати 48,0 млрд сўмга тенг 84 та келишув имзоланди.

Бундан ташқари, биржа раҳбарияти томонидан энг яхши аёл брокер махсус номинацияси жорий этилди. Бу йўналишда 757-рақамли брокерлик идораси ва унинг раҳбари Акрамова Дилноза Ниғманходжаевна ғолиб бўлди. Бу брокерлик идораси томонидан 61 мижозга профессионал даражада хизмат кўрсатилган.

Ана шундай рейтинг ҳудудлар бўйича ҳам тузиб чиқилди. Уларнинг фаол иши туфайли жойларда хўжалик юритувчи субъектлар, хусусан, фермерлар ва тадбиркорлик субъектлари бозор принциплари асосида товар ресурсларидан эркин фойдаланиб, ўз товарларини ички бозор ҳамда экспортда ҳам сотиш имкониятини қўлга киритдилар. Ҳудудлар бўйича энг яхши брокерлик идораси йўналишида ғолиблар қуйидагича тақсимланди:

Брокерлик идораси

Ҳудуд

Раҳбарнинг Ф.И.Ш.

731

Тошкент ва Тошкент вилояти

Ирбутаев Нуриддин Мухиддин ўғли

2815

Қорақалпоғистон Республикаси

Қодирбоева Саодат Тохировна

3129

Бухоро вилояти

Қодиров Аббос Қосимович

4067

Қашқадарё вилояти

Эргашев Алишер Норқулович

5044

Навоий вилояти

Ёдгоров Алишер Шухратович

6573

Жиззах вилояти

Хужамов Шухрат Умурзокович

7082

Сирдарё вилояти

Раимов Акрамжон Жўрабой ўғли

8629

Фарғона вилояти

Абдуллаев Хотамжон Абдумухторович

9096

Наманган вилояти

Хусанов Адҳам Абдуганиевич

10907

Андижон вилояти

Абдушукуров Аҳмаджон Авазбекович

11717

Сурхондарё вилояти

Қўзиев Мухамадамин Имомназарович

Шу билан бир қаторда 2018 йил давомида “ЎзРТХБ” АЖ да биржа савдолари ва электрон тижоратни ривожлантиришга ҳисса қўшган ҳудудий филиалларнинг фаолияти ҳам баҳоланди. Натижаларга кўра, бу йўналишда 3 та филиал ғолиб, деб топилди. Хусусан, Қашқадарё, Бухоро ва Наманган филиаллари биржа платформаси, КЯС тизими ва экспорт йўналишларида энг яхши натижаларга эриша олдилар.

Байрам тадбири якунида “ЎзРТХБ” АЖ раҳбарлари Ўзбекистонда биржа фаолиятининг ривожланишига ҳисса қўшаётган барчага такроран ўз миннаддорчиликларини билдириб, уларга янги 2019 йилда омад, юқори чўққилар ва янги зафарлар тиладилар.

Манбаа : "ЎзРТХБ" АЖ Матбуот хизмати

Кўрилди: 10511