Ниҳоясига етаётган 2018 йил миллий товар биржа фаолиятининг ривожланишида муҳим аҳамиятга эга бўлди. Товар бозорлари, биржа фаолияти ва электрон тижоратни ривожлантиришга йўналтирилган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қабул қилиниши бунга асос бўлиб хизмат қилди. 2018 йил давомида “ЎзРТХБ” АЖ фаолиятида қайд этилган энг муҳим 5 та йирик воқеа ва тадбирни эътиборингизга ҳавола этамиз.
1. Товар ресурслари бўйича биржа савдоси кенгайди ва эркинлаштирилди.
2018 йилда ташқи ва ички бозорда очиқ ҳамда шаффоф биржа савдолари орқали бозор принциплари асосида сотиладиган товарлар номенклатураси кенгайди ва уларнинг ҳажми ошди, барча хўжалик юритувчи субъектлар, хусусан тадбиркорларнинг моддий-техник ресурслардан фойдаланиши кенгайтирилди, товар бозорларида соғлом рақобат кучайди ва реал бозор конъюнктурасини ҳисобга олган ҳолда товарлар учун нарх шаклланишининг замонавий механизмлари жорий этилди.
2017 йил 14 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг №-3386-сонли қарори мувофиқ 2018 йил 1 январдан Ўзбекистоннинг монополист корхоналари 27 номдаги юқори ликвидли товарларни бозор принциплари асосида фақатгина очиқ биржа савдолари орқали босқичма-босқич сотишни бошладилар. Булар – нефть маҳсулотлари, энергия ресурслари, қурилиш материаллари, қора металл прокати, рангли металлар, истеъмол товарлари, қишлоқ хўжалиги ва кимё маҳсулотлари, минерал ўғитлар.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 февралдаги №-106-сонли қарорига кўра, “Ўзпахтасаноат” АЖ очиқ биржа савдолари орқали ички истеъмолчиларга, шунингдек, экспортга ҳам сотишни бошлади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 январдаги №-5303-сонли фармонига асосан товар-хом ашё биржаларининг очиқ электрон савдоларида истеъмол товарларини жумладан, импорт товарларини сотиш (сотиб олиш)га тақиқ бекор қилинди, истеъмол товарларини товар-хом ашё биржаларининг очиқ электрон савдоларида сотиш (сотиб олиш) учун улгуржи савдони амалга оширишга лицензия мавжудлиги талаб этилмайдиган бўлди.
Нархларнинг асосланмаган равишда ошиб кетишининг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг №-3479-сонли қарори асосида алоҳида турдаги маҳсулотлар импортчиларига божхона тўловларини тўлашда имтиёзлар тақдим этилди. Уларнинг қаторига цемент, цемент клинкери, асбест, қурилиш ойнаси, кўмир, ёғоч ва ёғоч-тахта материаллари киради. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 30 октябрдаги №-5564-сонли фармонига кўра юқоридаги товарларни биржа савдолари ёки тўғридан-тўғри импорт қилишда бериладиган божхона имтиёзлари 2020 йил 1 январгача узайтирилди.
2. “ЎзРТХБ” АЖ давлат харидлари бўйича Махсус ахборот порталининг оператори этиб тайинланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 9 апрелдаги №-472-сонли “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонунига асосан давлат харидлари миллий тизими ривожланишнинг янги босқичига кўтарилди. Хусусан, харид жараёнлари электрон дўкон, электрон аукцион, танлов, тендер ва ягона етказиб берувчидан давлат хариди шаклларида амалга оширилмоқда. Давлат харидлари субъектлари бюджет ва корпоратив буюртмачиларга ажратилди.
Давлат харидлари бўйича ваколатли орган – Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги “Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси” АЖни давлат харидлари бўйича махсус – xarid.uz ахборот порталининг оператори этиб тайинлади. Мазкур ахборот портали орқали давлат харидларининг шаффофлиги ва очиқ-ойдинлиги таъминланяпти, бюджет ва давлат улуши бўлган корхоналарнинг маблағларидан самарали фойдаланиш, шунингдек, бу соҳада соғлом рақобатни шакллантириш ва ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Xarid.uz портали давлат харидлари бўйича Ўзбекистон Республикасидаги ягона ахборот ресурси ва электрон давлат харидларини амалга ошириш учун мўлжалланган онлайн савдо майдончаси ҳисобланади. Товар ишлаб чиқарувчилар, илк навбатда тадбиркорлик субъектлари онлайн режимда давлат харидлари тизимига кира оладилар. Бу эса рақобат муҳитини шакллантиришга ва давлат харидлариги нархларни пасайтиришга хизмат қилади.
Янги тизимнинг асосий янгиликларидан бири давлат харидлари жараёнида электрон рақамли имзодан кенг фойдаланиш ва тузилган битимларнинг Ҳисоб-китоб клиринг палатаси орқали кафолатини таъминлаш бўлди.
3. Ташқи алоқалар ва биржалараро ҳамкорлик кенгайди.
2018 йилда “ЎзРТХБ” АЖ нинг халқаро биржалар ва хорижий ҳамкорлар билан алоқаларини кенгайтириш ва мустаҳкамлаш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилди. Замонавий биржа савдоларини ташкил этиш борасида тажриба алмашиш мақсадида Қозоғистоннинг “ЕТС”, “Қирғизистон фонд биржаси” АЖ, “Белоруссия универсал товар биржаси” АЖ, Тожикистон ҳамда Туркманистон биржалари билан ҳамкорлик тўғрисида келишувлар имзоланди. “Москва биржаси” АЖ, “Санкт-Петербург Халқаро товар-хом ашё биржаси” АЖ, “Каспий” Товар биржаси” АЖ (Қозоғистон), “Тожикистоннинг Осиё фонд биржаси” АЖ ва “Туркия фонд биржаси” билан тўғридан-тўғри биржалараро ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди.
МДҲ Халқаро биржалар ассоциацияси, Евро-Осиё фонд биржаси Федерацияси (FEAS) ва Халқаро фьючерс ассоциацияси билан ўзаро алоқалар давом эттирилмоқда.
Имзоланган шартномалар ва келишувлар доирасида замонавий биржа савдоларини ташкил этиш борасида тажриба алмашилди, ҳамкорликдаги савдоларни ташкил этиш бўйича семинарлар ва ишчи учрашувлар ўтказилди, брокерлик идоралари аккредитация қилинди ва хорижий савдо майдончалари очилди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган ёки етарли миқдорда ишлаб чиқарилмайдиган импорт товарларининг биржа савдоларини ташкил этиш бўйича янги механизм жорий қилинди. Бу механизм биржа савдоларига бевосита импорт товарлар ишлаб чиқарувчиларини жалб қилиш имконини беради. Бу эса ички товар бозорларда нархларнинг барқарорлашишига ҳам хизмат қилади.
4. Хорижий савдо майдончалари очилди.
Биржалараро ҳамкорлик жадал ривожланаётган даврда “ЎзРТХБ” АЖда хорижий савдо майдончаларини ташкил этиш бўйича ишлар фаоллаштирилди.
“ЎзРТХБ” АЖ ва “ЕТС” Товар биржаси” АЖ ўртасида имзоланган ҳамкорлик тўғрисидаги келишувни амалга ошириш доирасида Қозоғистоннинг Олма-ота шаҳрида “ЎзРТХБ” АЖнинг хорижий савдо майдончаси иш бошлади. Шу билан бирга мазкур савдо майдончасининг таъсисчиси бўлган “Альта ва К” МЧШ хорижий брокерлик идораси илк марта биржада аккредитация қилинди.
Биржанинг хориждаги савдо майдончаси маҳаллий маҳсулотларнинг ташқи бозорга чиқишига ва Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган ёки зарур миқдорда ишлаб чиқарилмайдиган товарларнинг нархларига таъсир ўтказиб, уларнинг барқарорлашувига хизмат қилади. Илк босқичда мазкур савдо майдончаси орқали маҳаллий юқори ликвидли товарлар хусусан, полиэтилен, полипропилен, пахта ва рангли металларни Қозоғистонга сотилиши, шунингдек, Ўзбекистонга дон маҳсулотлари, кўмир ва цементни импорт қилиниши кўзда тутилган.
2018 йил 11 декабрь куни Минск шаҳрида (Беларусь Республикаси) “Белоруссия универсал товар биржаси” ОАЖ негизида “Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси” АЖнинг савдо майдончаси очилди. Савдо майдончасининг расмий очилиш маросимида “ЎзРТХБ” АЖ ва “БУТБ” ОАЖ раҳбарлари, Ўзбекистоннинг Белоруссиядаги элчихона вакиллари, Белоруссия савдо-саноат палатаси, брокерлик идоралари, трейдерлар ва журналистлар иштирок этди.
Беларусь Республикасида “ЎзРТХБ” АЖнинг савдо майдончаси очилишидан кўзланган асосий мақсад, биржа савдоларининг бозор механизми имкониятларидан фойдаланган ҳолда тадбиркорлар ва товар ишлаб чиқарувчиларининг икки давлат товар бозорларида эркин иштирок этишларини таъминлашдир. Буни амалга ошириш мақсадида Белоруссия биржасининг “Латэмгрупп” МЧЖ брокерлик идораси “ЎзРТХБ” АЖда ва Ўзбекистон биржасининг “Global Trade Group” МЧЖ брокери “БУТБ” ОАЖда аккредитациядан ўтказилди. Белоруссиянинг енгил ва озиқ-овқат саноати корхоналари томонидан савдо майдончасига қизиқиш билдирилди.
5. Чиройли рақамларни онлайн аукцион орқали харид қилиш арзонлашди.
“ЎзРТХБ” АЖнинг онлайн аукциони орқали авторақамларни сотишнинг самарадорлигини ошириш мақсадида 2018 йилнинг 25 июнида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Жисмоний ва юридик шахсларга авторанспорт воситалари учун рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини оширилган тўлов ставкалари бўйича беришда “Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси” АЖ ахборот тизимида аукцион ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қарори қабул қилинди.
Янги тартибга кўра, биржада вторақамларни онлайн аукционга қўйиш муддати 3 кундан 5 иш кунига узайтирилди. Бу эса электрон савдо иштирокчилари учун қўшимча қулайликлар яратади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ томонидан ўтган давр бўйича онлайн-аукцион жараёнини таҳлил қилиш асосида авторақамларнинг алоҳида комбинациялари биринчи категориядан иккинчига, Тошкент учун биринчи категориядаги рақамлардан ташқари, барча категориядаги авторақамларнинг бошланғич нархи сезиларли даражада пасайтирилди.
Авторақамларни сотишдан тушган маблағлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва ИИВ ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва бошқа харажатлар учун мўлжалланган Моддий-техник базани ривожлантириш махсус фондига йўналтирилди.
Источник : "ЎзРТХБ" АЖ Матбуот хизмати
Курилди: 11856