Ўтган ҳафтада биржанинг барча платформаларида ўсиш кузатилди | Новости

18 Дек 2018

Жорий йилнинг 10 декабрдан 14 декабргача бўлган давр мобайнида “ЎзРТХБ” АЖ да 814,5 млрд сўмлик битимлар тузилди. Бу эса ўтган ҳафтадаги натижадан 15,7 %га ортиқ эканлигини кўрсатди.

Биржа савдолари

Кўриб чиқилаётган даврда биржа савдоларининг ҳажми 599,6 млрд сўмдан 686,3 млрд сўмга кўтарилди. Ўсиш 14,4 %ни ташкил қилди. Сотувлар бўйича биринчи ўринни нефть маҳсулотлари 16,8 % билан эгаллаб турибди. Иккинчи ўринда қурилиш материаллари жойлашган бўлиб, биржа бозорининг 16,7 % ни эгаллади. Кейинги ўринлардан кимё маҳсулотлари 14,5 % улуш билан, 13,6 % улуш билан чорвачилик учун ем жойлашди.

Валюта савдо майдончаси орқали деярли 8,9 млн АҚШ долларга тенг товарлар сотилди. Келишувларнинг асосий қисмини пахта толаси ташкил қилди. Унинг улуши 97% га тенг. Кейинги ўринни 3% улуш билан техник мой эгаллади.

Жорий йилнинг 10 декабрдан 14 декабргача бўлган даврда биржанинг Листинг комиссияси томонидан сотувчилар аризасига биноан қурилиш материаллари,  минерал ўғитлар, қишлоқ хўжалиги ва ёғ-мой маҳсулотлари, нефть маҳсулотлари  ва бошқа товарларга 161 та стандарт биржа контрактлари очилди.

Кўргазма-ярмарка савдо

Кўргазма-ярмарка савдолар ҳажми ўтган ҳафтадаги кўрсаткичга нисбатан 43,2 %га ўсди ва 23,0 миллиард сўмни ташкил қилди. Кичик бизнес субъектлари томонидан амалга оширилган харидлар 9,5 миллиард сўмни ёки 41,3 %ни ташкил қилди.

Имзоланган келишувларнинг ҳажми бўйича биринчи ўринни Тошкент филиали 17,6 миллиард сўмлик келишувлар билан банд этди. Бухоро филиали 1,6 миллиард сўмга тенг келишувлар имзолаб, иккинчи ўринни, Қорақалпоғистон Республикаси филиали 1,0 миллиард сўмга тенг келишувлар имзолаб, учинчи ўринни эгаллади.

Сотилган товарлар тузилмасига кўра, етакчи қаторларни қора ва рангли металлар банд этди. Бундай маҳсулотлар 12,5 миллиард сўмга тенг миқдорда сотилди. Кейинги ўринлардан кимё маҳсулотлари (3,1 миллиард сўм), қишлоқ хўжалик маҳсулотлари (2,0 миллиард сўм) жой олди.

Авторақамлар бўйича онлайн аукцион

Ўтган ҳафта мобайнида онлайн аукцион орқали 695 та автомобиль рақамлари сотилди. Сотилган давлат рақам белгиларининг умумий суммаси 3,0 миллиард сўмдан ошди.

Рақобатли савдолар натижасида битимларнинг қарийб 23% биринчи тоифадаги авторақамларга, 50% иккинчи ва 27% учинчи тоифа авторақамларга тегишли.

Харидорлар таркибида етакчиликни Тошкент ва Тошкент вилояти авто ҳаваскорлари эгаллади ва уларнинг тузилган битимлар сонидаги улуши 19% га тенг. Кейинги ўринда Фарғона вилоятининг авто ҳаваскорлари 12% улуш билан жойлашди. Учинчи ўрин Самарқанд вилоятининг авто ҳаваскорларига тегишли бўлиб, улуши 11% ни ташкил қилади. Бошқа ҳудудларнинг улуши 58% га тенг.

Давлат харидлари

Электрон давлат харидлари тизимида 105,1 миллиард сўмдан ортиқ қийматга тенг битимлар тузилди. Бу эса ўтган ҳафтадаги натижадан 19,3 % га ортиқ эканлигини кўрсатди.

Ўтган ҳафта мобайнида бюджет буюртмачилари томонидан умумий қиймати 60,3 миллиард сўмдан ортиқ битимлар тузилган бўлса, корпоратив буюртмачилар томонидан 44,8 миллиард сўмдан зиёдга тенг шартнома электрон тарзда имзоланди.

Шу жумладан, электрон дўконда тузилган битимларнинг умумий қиймати 37,1 миллиард сўмдан ортиқни, электрон аукционда тузилган битимлар қиймати 68,0 миллиард сўмдан ортиқни ташкил этди. 

Источник : "ЎзРТХБ" АЖ Матбуот хизмати

Курилди: 11881