Жорий йил 10 декабрь куни Миллий матбуот марказида оммавий ахборот воситалари учун “Давлат харидлари тизимида шаффофликни таъминлаш ва рақобатни кучайтириш” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди. Матбуот анжумани Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги ва “Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси” АЖ томонидан ташкил этилди. Тадбирдан кўзланган асосий мақсад кенг жамоатчиликни электрон давлат харидларини ташкиллаштириш ва ўтказиш натижалари билан таништиришдан иборат бўлди.
Матбуот анжуманида таъкидланганидек, жорий йилда “Давлат харидлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қабул қилиниши билан давлат харидларининг миллий тизими ривожланишнинг янги босқичига кўтарилди. Хусусан, харид қилиш жараёнлари электрон дўкон, электрон аукцион, танлов, тендер ва ягона етказиб берувчидан давлат хариди шаклларида амалга оширила бошлади. Давлат харидларининг субъектлари бюджет ва корпоратив буюртмачиларга ажратилди.
Бундан ташқари, давлат харидларининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, бюджет ташкилотлари ва давлат улуши бўлган корхоналар маблағларидан самарали фойдаланиш, шунингдек, бу соҳада соғлом рақобатни шакллантириш ва ривожлантириш бўйича амалий чоралар кўрилди. Бунинг учун xarid.uz – махсус ахборот портали ишга туширилди ва “Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси” АЖ эса мазкур порталнинг оператори сифатида белгиланди.
Айни пайтда xarid.uz портали Ўзбекистон Республикасида давлат харидлари бўйича ягона ахборот ресурси ҳамда электрон давлат харидларини амалга ошириш бўйича онлайн савдо майдончаси саналади. Бунинг натижасида товар етказиб берувчилар, энг аввало тадбиркорлик субъектлари онлайн режимда давлат харидлари тизимидан эркин фойдалана оладилар, бу эса соҳада рақобат муҳитини шакллантиришга ва харидлар баҳосининг пасайишига хизмат қилади.
Янги тизимнинг асосий янгиликларидан бири давлат харидлари жараёнида электрон рақамли имзодан фойдаланиш амалиётининг қўлланилиши ва биржанинг Ҳисоб-китоб клиринг палатаси воситасида тузилган шартномаларнинг кафолатланганлиги бўлди. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилиги ҳамда бошқа давлат идоралари билан биржа ўртасида электрон маълумот алмашинуви йўлга қўйилди.
Тадбиркорларни давлат харидлари бўйича электрон савдоларга жалб этиш мақсадида кенг қамровдаги пиар кампания ўтказилди. Мамлакатнинг ҳар бир туманида кенг жамоатчилик ва биржа мижозларини янги тартиб билан таништириш мақсадида қатор семинарлар ва турли тадбирлар ташкил этилди.
Электрон дўкон ва аукцион савдоларида буюртмачилар ва етказиб берувчиларнинг рўйхатдан ўтиш жараёнини енгиллаштириш учун xarid.uz порталига ўқув видеороликлари жойлаштирилди. Мижозларга қулайлик яратиш мақсадида СМС-хабар бериш хизмати ишга туширилди ва порталдаги шахсий кабинет имкониятлари янада кенгайтирилди. Хусусан, dxarid.uzex.uz ва shop.uzex.uz сайтларида шахсий кабинет орқали “Шартномани бекор қилиш” хизмати фаоллаштирилди, бу орқали ўзаро розилик асосида тузилган шартномани бекор қилиш имконияти пайдо бўлди. Бунда давлат харидлари иштирокчиларидан жарима маблағи ундирилмайди.
Шу билан бирга ЎзРТХБ Call-маркази хизмати операторларининг таркиби кенгайтирилди ва хизматнинг қўшимча (+71) 207-00-33 телефон рақами ишга туширилди ва унда абонентнинг навбатга туриш хизмати фаоллаштирилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-3953 сонли “Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан давлат харидлари бўйича электрон аукцион ўтказилиш муддати 10 кундан 5 кунгача, танлов ўтказиш тўғрисидаги эълонни порталга жойлаштириш муддати эса 30 кундан 10 кунгача қисқартирилди.
Махсус ахборот порталининг оператори ҳузурида Давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш комиссияси ташкил этилди. Ушбу комиссиянинг Раиси Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигининг Давлат харидлари бўлими бошлиғи Аброр Гадоев ҳисобланади. Комиссия таркибига шунингдек, Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг вакиллари ҳам киритилган.
Комиссия ўз ваколати доирасида ҳафтада икки маротаба давлат харидларига оид шикоятларни, шу жумладан буюртмачиларнинг қонунга хилоф ҳаракатлари ёки қарорлари ва етказиб берувчиларни инсофсиз ижрочиларнинг ягона реестрига киритиш каби низоли масалаларни кўриб чиқади. Комиссия иш бошлагандан буён шикоятлар бўйича 712 та қарорлар қабул қилинган, уларнинг натижасига кўра 22 нафар етказиб берувчи инсофсиз ижрочиларнинг ягона реестрига киритилди.
Муаммоли вазиятлар юзага келишининг олдини олиш мақсадида давлат харидларининг иштирокчилари тузилган шартнома доирасидаги ўз мажбуриятларини қатьиян қонунга асосан амалга оширишлари муҳим эканлиги таъкидланди. Буюртмачилар ва етказиб берувчилар шахсий кабинет орқали бажарилаётган ҳаракатлари ва порталга жойлаштираётган маълумотларининг ишончлилиги учун ўзлари тўлиқ масъулдирлар.
Айни вақтда тизимда 50 мингдан зиёд буюртмачилар ва етказиб берувчилар рўйхатдан ўтказилган. Ҳар куни тизимга 8 мингдан зиёд эълонлар келиб тушади, 15 мингдан ортиқ талабномалар қайта ишланади, 5 мингдан зиёд битимлар шакллантирилади. Биржанинг Call-марказ хизмати бир кун давомида биргина давлат харидлари масалалари бўйича 500 дан ортиқ қўнғироқлар ва 30 га яқин онлайн мурожаатларни қабул қилмоқда.
2018 йилнинг май ойидан, яъни тизим ишга тушган вақтдан ноябрь ойига қадар xarid.uz порталида умумий қиймати 1,5 трлн сўмдан ортиқ 447 мингта шартномалар тузилган. Жумладан, бюджет буюртмачилар 901,9 млрд сўмга тенг 364 мингта битимлар, корпоратив буюртмачилар эса 679,7 млрд сўмга тенг 83 мингта битимларни имзолаганлар. Умумий ҳисобда электрон дўкон орқали тузилган шартномаларнинг қиймати 488,0 млрд сўмни, электрон аукцион орқали 1,09 трлн сўмни ташкил этади. Тузилган битимларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг улуши 96% дан ошди.
Кўриб чиқилаётган давр мобайнида бюджет ва корпоратив буюртмачиларнинг 267,6 млрд сўмга тенг маблағи иқтисод қилинган. Яъни, электрон дўкон орқали 48,7 млрд сўмлик маблағ тежалган бўлса, электрон аукцион ўтказилиши натижасида 218,9 млрд сўмлик маблағлар иқтисод қилинди.
Ҳудудий кесимда, давлат харидларига оид шартномаларнинг катта қисми, яъни 39% Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида тузилди. Навбатдаги йирик харидлар Навоий (улуши 14%), Фарғона (8%), Самарқанд (7%) вилоятларига тўғри келади. Бошқа ҳудудларнинг улушлари эса 2-5% атрофида.
Келгусида электрон давлат харидлари бўйича электрон тизим ва махсус ахборот порталини янада ривожлантириш, шунингдек, давлат харидлари иштирокчилари ўртасида ўзаро ҳисоб-китоб механизмини такомиллаштириш мўлжалланган.
Тадбир якунида анжуман иштирокчилари ўртасида мавзуга доир фикр алмашинуви бўлиб ўтди, журналистлар қизиқтирган саволларига жавоб олдилар.
Источник : "ЎзРТХБ" АЖ Матбуот хизмати
Курилди: 11221