Биржа келишувлари бир ҳафтада қарийб 23 %га ўсди | Новости

20 Ноя 2018

Жорий йилнинг 12 ноябрдан 16 ноябргача бўлган давр мобайнида “ЎзРТХБ” АЖ да 845,2 млрд сўмлик битимлар тузилди. Бу эса ўтган ҳафтадаги натижадан 22,9 %га ошганлигини кўрсатди.

Биржа савдолари

Кўриб чиқилаётган даврда биржа савдоларининг ҳажми 584,4 млрд сўмдан 747,6 млрд сўмга кўтарилди. Сотувлар бўйича биринчи ўринни пахта толаси 22,1 % билан эгаллаб турибди. Иккинчи ўринда қурилиш материаллари жойлашган бўлиб, биржа бозорининг 18,2 % ни эгаллади. Кейинги ўринлардан 14,6 % улуш билан кимё маҳсулотлари, 13,7 % улуш билан нефть маҳсулотлари жойлашди.

Валюта савдо майдончаси орқали деярли 1,9 млн АҚШ долларга тенг товарлар сотилди. Келишувларнинг асосий қисмини пахта толаси ташкил қилди. Унинг улуши 51% га тенг. Кейинги ўринни 29% улуш билан Гач II эгаллади. Кейинги қатордан 20 % улуш билан саноат мойи жой олди.

Жорий йилнинг 5 ноябрдан 9 ноябргача бўлган даврда биржанинг Листинг комиссияси томонидан сотувчилар аризасига биноан қурилиш материаллари,  минерал ўғитлар, қишлоқ хўжалиги ва ёғ-мой маҳсулотлари, нефть маҳсулотлари  ва бошқа товарларга 179 та стандарт биржа контрактлари очилди.

Кўргазма-ярмарка савдо

Кўргазма-ярмарка савдолар ҳажми ўтган ҳафтадаги кўрсаткичга нисбатан 18,3 %га қисқарди ва 22,2 миллиард сўмни ташкил қилди. Кичик бизнес субъектлари томонидан амалга оширилган харидлар 18,4 миллиард сўмни ёки 83,0 %ни ташкил қилди.

Имзоланган келишувларнинг ҳажми бўйича биринчи ўринни Тошкент филиали 16,1 миллиард сўмлик келишувлар билан банд этди. Бухоро филиали 3,4 миллиард сўмга тенг келишувлар имзолаб, иккинчи ўринни, Навоий филиали 0,8 миллиард сўмга тенг келишувлар имзолаб, учинчи ўринни эгаллади.

Сотилган товарлар тузилмасига кўра, етакчи қаторларни кимё маҳсулотлари банд этди. Бундай маҳсулотлар 10,5 миллиард сўмга тенг миқдорда сотилди. Кейинги ўринлардан қора ва рангли металл маҳсулотлари (2,5 миллиард сўм), эҳтиёт қисмлар (1,6 миллиард сўм) жой олди.

Авторақамлар бўйича онлайн аукцион

Ўтган ҳафта мобайнида онлайн аукцион орқали 695 та автомобиль рақамлари сотилди. Сотилган давлат рақам белгиларининг умумий суммаси 2,5 миллиард сўмдан ошди.

Рақобатли савдолар натижасида битимларнинг қарийб 19% биринчи тоифадаги авторақамларга, 49% иккинчи ва 32% учинчи тоифа авторақамларга тегишли.

Харидорлар таркибида етакчиликни Тошкент ва Тошкент вилояти авто ҳаваскорлари эгаллади ва уларнинг тузилган битимлар сонидаги улуши 29% га тенг. Кейинги ўринда Хоразм вилоятининг авто ҳаваскорлари 11% улуш билан жойлашди. Учинчи ўрин Самарқанд ва Бухоро авто ҳаваскорларига тегишли бўлиб, ҳар бирининг улуши 10% ни ташкил қилади. Бошқа ҳудудларнинг улуши 40% га тенг.

Давлат харидлари

Электрон давлат харидлари тизимида 75,3 миллиард сўмдан ортиқ қийматга тенг битимлар тузилди. 

Ўтган ҳафта мобайнида бюджет буюртмачилари томонидан умумий қиймати 41,9 миллиард сўмдан ортиқ битимлар тузилган бўлса, корпоратив буюртмачилар томонидан қарийб 33,4 миллиард сўмга тенг шартнома электрон тарзда имзоланди.

Шу жумладан, электрон дўконда тузилган битимларнинг умумий қиймати 21,7 миллиард сўмдан ортиқни, электрон аукционда тузилган битимлар қиймати 53,6 миллиард сўмдан ортиқни ташкил этди. 

Источник : "ЎзРТХБ" АЖ Матбуот хизмати

Курилди: 11967