Ўтган ҳафтада мингдан ортиқ “чиройли” авторақамлар сотилди | Новости

14 Ноя 2018

Жорий йилнинг 5 ноябрдан 9 ноябргача бўлган давр мобайнида “ЎзРТХБ” АЖ да 687,3 млрд сўмлик битимлар тузилди.

Биржа савдолари

Кўриб чиқилаётган даврда биржа савдоларининг ҳажми 834,8 млрд сўмдан 584,4 млрд сўмга тушди. Сотувлар бўйича қурилиш материаллари биринчи ўринни 26,1 % билан эгаллаб турибди. Иккинчи ўринда пахта толаси жойлашган бўлиб, биржа бозорининг 14,5 % ни эгаллади. Кейинги ўринлардан 11,8 % улуш билан нефть маҳсулотлари, 10,2 % улуш билан газ ва полиэтилен жойлашди.

Валюта савдо майдончаси орқали 1,4 млн АҚШ доллардан ортиқ қийматга тенг товарлар сотилди. Келишувларнинг асосий қисмини пахта толаси ташкил қилди. Унинг улуши 71% га тенг. Кейинги ўринни 17% улуш билан полиэтилен эгаллади. Кейинги қатордан 12 % улуш билан саноат мойи жой олди.

Жорий йилнинг 5 ноябрдан 9 ноябргача бўлган даврда биржанинг Листинг комиссияси томонидан сотувчилар аризасига биноан қурилиш материаллари,  минерал ўғитлар, қишлоқ хўжалиги ва ёғ-мой маҳсулотлари, нефть маҳсулотлари  ва бошқа товарларга 211 та стандарт биржа контрактлари очилди.

Кўргазма-ярмарка савдо

Кўргазма-ярмарка савдолар ҳажми ўтган ҳафтадаги кўрсаткичга нисбатан 319,6 %га ўсди ва 27,2 миллиард сўмни ташкил қилди. Кичик бизнес субъектлари томонидан амалга оширилган харидлар 10,3 миллиард сўмни ёки 38,0 %ни ташкил қилди.

Имзоланган келишувларнинг ҳажми бўйича биринчи ўринни Тошкент филиали 24,9 миллиард сўмлик келишувлар билан банд этди. Бухоро филиали 1,5 миллиард сўмга тенг келишувлар имзолаб, иккинчи ўринни, Жиззах филиали 0,2 миллиард сўмга тенг келишувлар имзолаб, учинчи ўринни эгаллади.

Сотилган товарлар тузилмасига кўра, етакчи қаторларни кимё маҳсулотлари банд этди. Бундай маҳсулотлар 10,8 миллиард сўмга тенг миқдорда сотилди. Кейинги ўринлардан қора ва рангли металл маҳсулотлари (5,1 миллиард сўм), полимерлар ва пластмасса маҳсулотлари (1,4 миллиард сўм) жой олди.

Авторақамлар бўйича онлайн аукцион

Ўтган ҳафта мобайнида онлайн аукцион орқали 1015 та автомобиль рақамлари сотилди. Сотилган давлат рақам белгиларининг умумий суммаси 4,1 миллиард сўмдан ошди.

Рақобатли савдолар натижасида битимларнинг қарийб 26% биринчи тоифадаги авторақамларга, 49% иккинчи ва 25% учинчи тоифа авторақамларга тегишли.

Харидорлар таркибида етакчиликни Фарғона вилоятининг авто ҳаваскорлари эгаллади ва уларнинг тузилган битимлар сонидаги улуши 19% га тенг. Кейинги ўринда Самарқанд вилоятининг авто ҳаваскорлари 17% улуш билан жойлашди. Учинчи ўрин Тошкент ва Тошкент вилояти авто ҳаваскорларига тегишли бўлиб, улуши 14% ни ташкил қилади. Бошқа ҳудудларнинг улуши 50% га тенг.

Давлат харидлари

Электрон давлат харидлари тизимида 75,7 миллиард сўмдан ортиқ қийматга тенг битимлар тузилди. Бу эса ўтган ҳафтадаги натижадан 20,9 % га ортиқ эканлигини кўрсатди.

Ўтган ҳафта мобайнида бюджет буюртмачилари томонидан умумий қиймати 36,4 миллиард сўмдан ортиқ битимлар тузилган бўлса, корпоратив буюртмачилар томонидан қарийб 39,3 миллиард сўмга тенг шартнома электрон тарзда имзоланди.

Шу жумладан, электрон дўконда тузилган битимларнинг умумий қиймати 24,8 миллиард сўмдан ортиқни, электрон аукционда тузилган битимлар қиймати 50,8 миллиард сўмдан ортиқни ташкил этди. 

Источник : "ЎзРТХБ" АЖ Матбуот хизмати

Курилди: 11879