Савдо механизмларини янада такомиллаштириш, товарлар бозорида соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш ва харажатларини камайтириш, улар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини таъминлаш учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Товар бозорларида савдони янада эркинлаштириш ва рақобатни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.
Мазкур Фармонга кўра товар-хом ашё биржалари фаолиятига оид бир қатор ўзгартиришлар киритилиши кўзда тутилган. Жумладан:
Товар-хом ашё биржалари биржада сотиладиган маҳсулотларни сақлаш ва логистика қилиш, шунингдек, ахборот-коммуникация технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш бўйича шуъба хўжалик бирлашмаларини тузиши мумкин. Мазкур янгилик биржалар томонидан мижозларга, шу жумладан тадбиркорлик субъектларига соҳага алоқадор барча турдаги хизматларни кўрсатиш имкониятини яратади, биржа фаолиятида илғор ахборот-коммуникацион технологияларни қўллаш учун кенг йўл очади.
Иккинчидан, импорт бўйича олиб келинган юқори ликвидли маҳсулот турларини, эгаларининг хоҳишига кўра, ички бозорда, шу жумладан, биржа савдоларида чекловларсиз сотиш мумкин. Юқори ликвидли товарлар импортини ташкил қилиниши миллий иқтисодиётнинг ривожланиши ва модернизация қилиниши шароитида юқори ликвидли маҳсулотларга бўлган талабнинг ортиши сабабли товар бозорларида ички нархларнинг барқарорлашишига хизмат қилади.
Шунингдек, биржа савдоларида харид қилинган юқори ликвидли маҳсулотлар, хомашё ва материаллар турларини сотувчи томонидан чиқариб юбориш тўлов муддатидан келиб чиққан ҳолда биржаларнинг электрон тизими орқали қатъий белгиланадиган муддатлар ва навбатлар бўйича амалга оширилади. Биржанинг электрон тизими биржа товарларини юклашда харидорлар учун қўшимча қулайликларни яратади.
Бундан ташқари, 2019 йил 1 январдан бошлаб товар-хомашё биржаси аъзоларининг даромадларига қимматли қоғозлар бозорида брокерлик фаолиятини амалга оширувчи юридик шахслар учун белгиланган солиққа тортиш шартлари татбиқ этилади. Товар-хом ашё биржалари аъзоларининг даромадлари учун белгиланган солиқ миқдорининг пасайтирилиши ушбу соҳада рақобатни ривожлантириш ва юқори малакали мутахассисларни, жумладан, хорижий брокерлик компанияси вакилларини жалб қилиш орқали брокерлик хизматларнинг сифатини оширишга хизмат қилади.
Источник : "ЎзРТХБ" АЖ Матбуот хизмати
Курилди: 10434