«ЎзРТХБ» АЖ Тошкент филиали навбатдаги семинарни ўтказди | Новости

09 Окт 2018
2018 йил 8 октябрда Тошкент давлат аграр университетида “ЎзРТХБ” АЖ фаолиятига бағишланган навбатдаги ўқув семинар ўтказилди. Мазкур тадбир “ЎзРТХБ” АЖ Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 8 августдаги 602-сонли «Тадбиркорлар учун ўқув курслари ташкил қилиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида» қарорини ижро этиш доирасида ташкиллаштирилди. Учрашувдан кўзланган мақсад ёшлар, талабалар ва тадбиркорларни биржа фаолияти билан таништиришдан иборат бўлди.
Тадбир бошида семинар иштирокчилар учун “ЎзРТХБ” АЖ фаолияти тўғрисида презентацион видеоролик намойиш этилди. Хусусан, улар миллий товар биржасини шаклланиши ва ривожланиш тарихи, унинг инфратузилмаси ва савдо платформалари, ҳамда UZEX биржасининг замонавий ҳолати ва истиқболли режалари тўғрисида маълумотга эга бўлдилар.
Шу билан бирга, “ЎзРТХБ” АЖ Тошкент филиали Директори биржанинг асосий вазифалари ва унинг миллий иқтисодиётимиз ривожланишида тутган ўрни, биржа савдолари ва онлайн аукционларни ўтказиш тартиби тўғрисида сўзлаб берди. Шу билан бирга юқори ликвид ва монопол маҳсулотларни биржа савдолари орқали сотиш механизми батафсил очиб берилди. Тингловчилар орасида электрон тижорат базасида яратилган савдо платфомалари, шу жумладан давлат харидлари бўйича онлайн дўкон ва аукцион алоҳида қизиқиш уйғотди.
 
Муҳокамалар давомида семинар иштирокчилари ўзининг брокерлик идорасини очиш, электрон давлат харидларида етказиб берувчи сифатида иштирок этиш ва бошқа масалалар бўйича саволлар бердилар. Шу каби ўқув семинарлари тасдиқланган жадвалга мувофиқ давом этирилади.
 

Источник : "ЎзРТХБ" АЖ Матбуот хизмати

Курилди: 9826