Биржанинг цемент бозорида янги сотувчи фаолликка қўшилди | Новости

26 Окт 2018

Жорий йилнинг октябрь ойи бошида биржа бозорида янги иштирокчи номи пайдо бўлди – Шеробод цемент заводи. Мазкур завод Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида жойлашган.

Айни вақтда завод томонидан портландцементнинг ЦЕМ I 42,5Н ва ЦЕМ II /А-И 32,5Н маркаларини ички бозорга сотиш учун 8 та стандарт шартнома очилган. Шартномалар қадоқлаш (қопларда ва қадоқланмаган ҳолда) ва етказиб бериш (вагон нормасида ва омборхонадан олиб кетиш) бўйича алоҳида ажратилган. Цементнинг бир тонна учун бошланғич нархи – 336,0 минг сўмни ташкил этади. Етказиб бериш шарти – EXW сотувчининг омборхонасидан ва “Болдир” темир йўл бекатидан олиб кетиш.

Биржа шартномаларининг очилган даврдан бошлаб завод томонидан 10,6 млрд сўмга тенг 26,7 минг тоннадан ортиқ миқдорда цемент сотилди. Заводнинг ЦЕМ I 42,5Н маркали цементининг биржа котировкаси бир тоннаси учун 422,6 минг сўмни ва ЦЕМ II /А-И 32,5Н маркали цементнинг баҳоси бир тонна учун 389,8 минг сўмни ташкил этди. Мазкур завод ишлаб чиқарадиган цементнинг асосий харидори Сурхондарё, Самарқанд, Жиззах ва Қашқадарё вилоятлари бўлиб, уларнинг умумий улуши 89 %га тенг.

Трейдерлар ва бозор мутахассисларининг фикрига кўра, биржа бозорида янги сотувчининг пайдо бўлиши рақобатни кучайтиришга хизмат қилади ва ички цемент бозор конъюнктурасига ижобий таъсир кўрсатади.

Маълумот учун: Шеробод цемент заводи 2018 йил август ойида “Олмалиқ ТМК” АЖ томонидан очилган. Заводнинг лойиҳа бўйича қуввати йилига 1,5 млн тоннага тенг. Лойиҳа қиймати – 212,8 млн АҚШ долларига тенг. ОТМК цемент заводининг қурилиши учун Туркиянинг DAL Teknik Makina компаниясини жалб қилган. Корхона хорижда ишлаб чиқарилган замонавий ускуналар билан жиҳозланган.

Манбаа : "ЎзРТХБ" АЖ Матбуот хизмати

Кўрилди: 12060