Ўтган ҳафта онлайн аукцион орқали мингга яқин автомобиль рақамлари сотилди | Новости

23 Окт 2018

Жорий йилнинг 15 октябрдан 19 октябргача бўлган давр мобайнида “ЎзРТХБ” АЖ да 669,0 млрд сўмлик битимлар тузилди. Бу эса ўтган ҳафтадаги натижадан 4,7 %га ортиқ эканлигини кўрсатди.

Биржа савдолари

Кўриб чиқилаётган даврда биржа савдоларининг ҳажми 539,5 млрд сўмдан 580,7 млрд сўмга кўтарилди. Сотувлар бўйича қурилиш материаллари биринчи ўринни 26,0 % билан эгаллаб турибди. Иккинчи ўринда пахта толаси жойлашган бўлиб, биржа бозорининг 24,9 % ни эгаллади. Кейинги ўринлардан 15,6 % улуш билан нефть маҳсулотлари, 6,4 % улуш билан чорвачилик учун ем жойлашди.

Валюта савдо майдончаси орқали 426,2 минг АҚШ доллардан ортиқ қийматга тенг товарлар сотилди. Келишувларнинг асосий қисмини цинк ташкил қилди. Унинг улуши 59% га тенг. Кейинги ўринни 41% улуш билан саноат мойи эгаллади.

Жорий йилнинг 15 октябрдан 19 октябргача бўлган даврда биржанинг Листинг комиссияси томонидан сотувчилар аризасига биноан қурилиш материаллари,  минерал ўғитлар, қишлоқ хўжалиги ва ёғ-мой маҳсулотлари, нефть маҳсулотлари  ва бошқа товарларга 128 та стандарт биржа контрактлари очилди.

Кўргазма-ярмарка савдо

Кўргазма-ярмарка савдолар ҳажми ўтган ҳафтадаги кўрсаткичга нисбатан 15,6 %га қисқарди ва 7,8 миллиард сўмни ташкил қилди. Кичик бизнес субъектлари томонидан амалга оширилган харидлар 6,5 миллиард сўмни ёки 83,4% ни ташкил қилди.

Имзоланган келишувларнинг ҳажми бўйича биринчи ўринни Тошкент филиали 3,8 миллиард сўмлик келишувлар билан банд этди. Бухоро филиали 2,4 миллиард сўмга тенг келишувлар имзолаб, иккинчи ўринни, Наманган филиали 0,7 миллиард сўмга тенг келишувлар имзолаб, учинчи ўринни эгаллади.

Сотилган товарлар тузилмасига кўра, етакчи қаторларни эҳтиёт қисмлар банд этди. Бундай маҳсулотлар 1,5 миллиард сўмга тенг миқдорда сотилди. Кейинги ўринлардан полимерлар ва пластмасса маҳсулотлари (1,4 миллиард сўм), қора ва рангли металл маҳсулотлари (1,3 миллиард сўм) жой олди.

Авторақамлар бўйича онлайн аукцион

Ўтган ҳафта мобайнида онлайн аукцион орқали 992 та автомобиль рақамлари сотилди. Сотилган давлат рақам белгиларининг умумий суммаси 4,8 миллиард сўмдан ошди.

Рақобатли савдолар натижасида битимларнинг қарийб 23% биринчи тоифадаги авторақамларга, 49% иккинчи ва 28% учинчи тоифа авторақамларга тегишли.

Харидорлар таркибида етакчиликни Тошкент ва Тошкент вилояти авто ҳаваскорлари эгаллади ва уларнинг тузилган битимлар сонидаги улуши 23% га тенг. Кейинги ўринда Самарқанд вилоятининг авто ҳаваскорлари 15% улуш билан жойлашди. Учинчи ўрин Бухоро вилоятининг авто ҳаваскорларига тегишли бўлиб, улуши 12% ни ташкил қилади. Бошқа ҳудудларнинг улуши 50% га тенг.

Давлат харидлари

Электрон давлат харидлари тизимида 80,4 миллиард сўмдан ортиқ қийматга тенг битимлар тузилди. 

Ўтган ҳафта мобайнида бюджет буюртмачилари томонидан умумий қиймати 39,6 миллиард сўмдан ортиқ битимлар тузилган бўлса, корпоратив буюртмачилар томонидан 40,8 миллиард сўмдан ортиқ шартнома электрон тарзда имзоланди.

Шу жумладан, электрон дўконда тузилган битимларнинг умумий қиймати 18,3 миллиард сўмни, электрон аукционда тузилган битимлар қиймати 62,0 миллиард сўмни ташкил этди. 

Источник : "ЎзРТХБ" АЖ Матбуот хизмати

Курилди: 10755